11:30 / 16.12.2020
18287
«Халққа қуруқ нон, ўзларига сарой» – Туркия парламентидаги тортишув ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди

«Халқ оч, қуруқ нон билан қорин тўйғизяпти», деди Республика халқ партияси (CHP) гуруҳи раиси ўринбосари Энгин Олтой. Унинг бу гапига амалдаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AKP) депутати Шаҳин Тин «Демак, улар оч эмас», деб жавоб берди.

Фото: EPA

Парламентнинг умумий кенгашида бюджет масалалари муҳокама қилинаётган бир пайтда Шаҳин Тин томонидан айтилган ушбу гап ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Ким нима деди?

«Халқ оч, деганда сакраманг. Ўртоқлар! Одамлар оч, бахтсиз. Ҳа, ҳамманинг ошқозонига нимадир тушиб турибди, қуруқ нон тушиб турибди», деди бюджет музокараларида сўз олган CHP гуруҳи раиси ўринбосари Энгин Олтой.

AKP’нинг Денизлидан бўлган депутати Шаҳин Тин эса ушбу гапларга «Демак, улар оч эмас», дея қаршилик билдирди. «Қуруқ нон... Мен бунинг қайдини оламан, қараб тур, ҳали кўрасан, миллатдан кечирим сўрайсан», деди Энгин Олтой.

Ижтимоий тармоқлардаги муносабат

Ушбу мунозарадан сўнг CHP аъзолари Шаҳин Тиннинг сўзлари акс этган Mажлис баённомаларини ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларида эълон қилишди.

CHP’нинг твиттердаги расмий саҳифасида берилган баёнотда ҳам Шаҳин Тин қораланди:

«Биз AKP депутати Шаҳин Тиннинг AKPга овоз берган фуқароларимизни ҳам яралаган сўзларини қоралаймиз. Сарой тартиботининг етиб келган нуқтаси шу! Халққа қуруқ нонни, ўзига эса саройларни лойиқ кўрувчи бу қарашни илк сайловда йўқ қиламиз, фуқароларимиз ва мамлакатимизни бир кишилик тартиботдан қутқарамиз», дейилади баёнотда.

CHP раисининг ўринбосари ва Истанбул депутати Онурсал Адигўзал ҳам вазиятга ўз муносабатини билдирди. «Миллат парламентида миллатга бундай гап айтилишини рад этамиз ва буни халқимизнинг ихтиёрига ҳавола қиламиз», деди у.

«Йигит муҳтож бўлмиш қуруқ пиёзга, халқ эса қуруқ нон ейишга мажбур (Илк сатр Маҳзуни Шарифнинг худди шу номли шеъридан олинган – таҳр.). Ҳатто AKP сайловчилари ҳам буни қоралайди, аммо у кечирим сўраш ўрнига, телефонига саройдан жўнатилган матнни ўқиб бериш билан барчани масхара қилди. Кечирим сўра ва истеъфога чиқ!», деди CHP’нинг Измир депутати Тунжай Ўзкан.

@kuru_ekmek (Қуруқ нон) ҳештеги эса твиттерда Туркиянинг кун тартибига кирди.

Шаҳин Тин: «Менинг сўзларим бузилди»

Ижтимоий тармоқларда кескин муносабатлар билдирилиши ортидан Шаҳин Тин ижтимоий тармоқдаги ўз аккаунтида баёнот берди ва сўзлари бузиб талқин қилинганини даъво қилди.

«CHP аъзоси Энгин Олтой сўзларимни бузиб кўрсатгани ва бундан сиёсий манфаат кўришга интилгани бизни ҳайрон қолдиргани йўқ. Туркияда ижтимоий давлат AKP партияси билан вужудга келди. Биз барчанинг дардини ўз дардимиз деб билдик. Виждони бўлган ҳар қандай одам ниятим ёмон эмаслигини билади. Миллатимиз CHP’нинг бу сиёсатига устунлик бермайди», деди Шаҳин Тин.

Top