20:24 / 26.12.2020
35011
Навоийда олиб ташланган байрам «безак»лари нима учун ва кимнинг ҳисобидан ўрнатилган эди?

Навоий вилояти ҳокимлиги биноси ёнига ўрнатилган байрам «безак»лари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулгига олинган ва «мем»ларга сабаб бўлган эди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ушбу «безак»лар бир неча кундан сўнг олиб ташланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Шаҳар ҳокимининг матбуот котиби Отабек Аслонов ушбу безаклар Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан ўрнатилганини айтиб ўтди. Бироқ бошқарма масъули бу безаклар «Тасвирий ойна» хусусий ташкилоти томонидан вилоят ҳокимлигининг маблағлари ва буюртмаси асосида ўрнатилгани айтиб, ташкилотнинг бунга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Дилшод Мамаражабов ушбу безаклар «Тасвирий ойна» хусусий ташкилоти томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатилган ва мос келмагани учун олиб ташланганини таъкидлади.

«Тасвирий ойна» ташкилотининг масъули Дилмурод Маҳмудов ушбу безакларни корхона ўз ҳисобидан, реклама мақсадида ўрнатганини билдирди. Унинг айтишича, аслида безаклар музқаймоқ шаклида бўлиши керак бўлган.

“Музқаймоқ шаклидаги ҳайкалнинг ўрта қисмида электр энергиясига уланган темир устун бўлиб, унинг қолган қисмлари кейинроқ олиб келиб ўрнатилиши керак эди.

Унга қадар электр энергиясига уланган устунларга ёмғир зарар етказмаслиги учун целофон билан устидан ёпиб турилган. Ана шу вақтда кимдир безакларни расмга олиб, нотўғри талқин қилиб интернетга чиқариб юборди. Натижада буни олиб ташлашга мажбур бўлдик», – дейди у.

Дилмурод Маҳмудов ушбу безаклар қанчага тушганини очиқлай олмади. Унинг билдиришича, бугунги кунда конструкциялар «Тасвирий ойна» ташкилотининг ҳовлисига ўрнатилиши режалаштирилган.

Top