19:10 / 14.01.2021
7024
Шавкат Мирзиёев: Армия фақат қурол ва аслаҳа билан эмас, она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар билан қудратлидир

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

14 январь куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони йиғилганларни, барча ҳарбийларни, уларнинг оила аъзоларини байрам билан муборакбод этди.

«Маросимда таъкидланганидек, ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек муқаддас ва масъулиятли ишга бағишлаган ва буни ҳар куни, ҳар дақиқада амалда исботлаётган аскар ва офицерларимиз бизнинг фахримиз ва ғуруримиздир. Айниқса, ўтган йили ўз вазифасини адо этиш билан бирга, халқимиз бошига тушган оғир синовларни мардона енгиб ўтишда уларнинг хизматлари нечоғли катта бўлганини эл-юртимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Илгари армия алоҳида, халқ алоҳида бир дунё эди. Президент Шавкат Мирзиёев илк кунлардан «халқ билан армия – бир тану бир жон» деган муҳим ғояни илгари сурди ва вазият тубдан ўзгарди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ҳарбий қисмлар эшиклари халқ учун, бўлажак Ватан посбонлари – ёш авлод учун ҳамиша очиқ бўлиши кераклиги таъкидланди.

Истиқлол ғояларига садоқатли, ватанпарвар ҳарбий кадрларнинг янги авлодини етиштиришга катта эътибор берилмоқда. Аскар ва офицерларнинг замонавий билим олиши, ҳарбий техника ва технологияларни мукаммал эгаллаши, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бош мақсад этиб белгиланган.

«Армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди, балки она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар – аскар ва офицерлар, генераллар билан қудратлидир. Армиямизнинг имкониятлари ва жанговар салоҳиятини белгилайдиган асосий омил мана шу, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз», деган президент.

Маросимда бугун дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдид ва хатарлар, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар юз бераётгани қайд этилди. Бундай ҳолатлар бутун инсоният қатори халқимизни ҳам безовта қилиши табиий. Ушбу хавфларга муносиб қарши тура олиш учун инсонда чинакам ватанпарварлик, юксак билим ва тафаккур, метин ирода бўлиши зарурлиги таъкидланди.

«Буюк саркарда Амир Темур бобомиз: «Аскарлари ботир эл қудратли бўлур», деганларида айнан ана шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар. Мен ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган жасур ҳарбийларни ана шундай аждодларимизнинг чинакам ворислари, деб атади.

Маросимда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, божхона тизими ва ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.

Олий Бош Қўмондон йиғилганлар тимсолида бугун жойларда юксак давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча ҳарбий хизматчиларни самимий табриклади.

Президент Шавкат Мирзиёев унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширди. Ватан ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, зиммасидаги олижаноб вазифаларни самарали адо этишда улкан зафарлар тилади.

Мукофотланганлар юксак эътибор, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари қўллаб-қувватланаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Top