21:11 / 21.01.2021
7162
2020 йилда машиналар импорти ва экспорти ошган

2020 йил импорт таркибида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ҳажми 7, 95 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,9 фоизга камайган. Ўз навбатида, автомобиль экспорт қилиш ҳажми 30,4 фоизга ошган.

Фото: За рулем

Давлат статистика қўмитаси 2020 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистонда машиналар ва транспорт асбоб-ускуналарининг ташқи савдо айланмаси ҳақида маълумотни эълон қилди.

Таъкидланишича, импорт таркибида машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари ҳажми 7,95 миллиард АҚШ долларини ташкил этган ва импортнинг умумий ҳажмидаги улуши 37,6 фоизга етган.

Машиналар ва асбоб-ускуналар импорт қилинган асосий ҳамкор давлат сифатида Хитой (2,5 миллиард АҚШ доллари миқдордаги умумий импорт товарларининг 31,6 фоизи) қайд этилган. Кейинги ўринларни Жанубий Корея (умумий импортнинг 16,6 фоизи) ва Россия (умумий импортнинг 9 фоизи) эгаллаган.

Машина ва транспорт ускуналари импорти ҳажмининг камайишига саноат учун махсус бўлмаган машиналар ва уларнинг деталлари (17,6 фоизга), шунингдек, аниқ соҳалар учун махсус мўлжалланган машиналар (14,9 фоизга) импортидаги пасайиш бевосита таъсир қилган.

Ўз навбатида, 2020 йилнинг январь-декабрь ойлари учун автомобиль эҳтиёт қисмлари импорти учун сарфланган маблағ 944,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 фоизга ва автомобиль импорт қилиш учун 475,1 миллион АҚШ доллари маблағ сарфланиб, ўтган йилгига нисбатан 7,9 фоизга ошган.

Бундан ташқари, автомобиль экспорт қилиш ҳажми 30,4 фоизга кўпайиб, 208,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Жорий йилнинг 13 январь куни президент иштирокида ўтган машинасозлик саноатини трансформация қилиш ва соҳада рақобатдошликни ошириш масаласидаги йиғилишда соҳада 276 миллион АҚШ долларилик 8та хусусий инвесторлик лойиҳаси бўйича таклифлар мавжудлиги эълон қилинганди.

Аввалроқ ҳукумат томонида «Ўзавтосаноат»ни фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётганлиги маълум қилинганди.

Top