09:47 / 28.01.2021
3829
Коррупцияни енгишнинг ягона йўли – бефарқ бўлмаслик

«Сурхондарё вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»да «Коррупция – жамият кушандаси» мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда «Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори Маъруф Шамсиддинов, прокуратура ва ички ишлар вакиллари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қайд этилдики,  коррупция бу – ҳар қандай жамиятнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан биридир. Шу боис мамлакатимизда коррупция билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва унга қарши кескин курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни мақсадда республикамизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш учун жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, фуқаролар коррупцияга дуч келганларида тегишли давлат органларига мурожаат қилишлари ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшиши кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мазкур лойиҳага кўра, коррупция тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг ўзи ва яқин қариндошлари давлат томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши кафолатланади. Коррупция тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сири ҳисобланади. Уларни ошкор этиш қонунга мувофиқ тақиқланади.

Эътиборли томони шундаки, коррупциявий ҳолат тўғрисида ахборот бераётган шахслар Вазирлар Маҳкамаси томонидан рағбатлантирилади.

Умуман, Сурхондарё ҲЭТКда ҳам яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида бир қатор ислоҳотлар олиб борилаётган бўлса-да, айрим камчиликлардан кўз юмиб бўлмаслиги айтиб ўтилди. Хусусан, хизмат давомида соҳа ходимларининг электр энергияси тўлови билан боғлиқ ҳолатларда фирибгарлик қилиб, ўзганинг ҳақини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилгани бўйича мисоллар келтирилди.

Шунингдек, соҳада замонавий АСКУЭ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши инсон омилини камайтиргани, бунинг натижасида коррупцион ҳолатлар сезиларли даражада камайгани эътироф этилди.

Тадбир давомида жамият ишчи-ходимларининг коррупцияга йўл қўймасликлари, умуман, бу каби ҳолатларга муроса қилмасликлари юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

«Сурхондарё вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ахборот хизмати.

Top