10:58 / 09.02.2021
7049
Тошкентда талончилик содир этган уч нафар шахс қамоққа олинди
Фото: Тергов департаменти

2021 йил 29 январь куни соат 19:30ларда номаълум шахслар Тошкент шаҳри Учтепа тумани 11-мавзе Кичик ҳалқа йўли кўчасидан ўтиб кетаётган 35 ёшли фуқаро Илҳом А.га нисбатан ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, унга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмларини қўлга киритмоқчи бўлишган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Илҳом А. у ердан қочиб кетган, лекин номаълум шахслар унинг ортидан Чилонзор тумани 10-мавзе 17- ва 19-уйлар оралиғигача қувиб келиб, унга нисбатан тан жароҳати етказиб, нархи 2 000 000 сўмлик “Samsung А-21 S” русумли уяли телефон аппаратини талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни фуқаро 37 ёшли Виктор З., 35 ёшли Михаил П. ва Анатолий Л. маст ҳолатда содир этганликлари ҳамда талончилик йўли билан қўлга киритилган, Илҳом А.га тегишли “Samsung А-21 S” русумли уяли телефон аппаратини Учтепа тумани Чилонзор даҳасида жойлашган “Фарҳод деҳқон бозори”да номаълум шахсга 300 000 сўм эвазига сотиб юборганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Виктор З., Михаил П. ва Анатолий Л.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов давомида Виктор З., Михаил П. ва Анатолий Л. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Top