09:25 / 12.02.2021
962
«Биологик хавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Биологик хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Shutterstock

Қонун лойиҳаси соғлиқни сақлаш, аҳолининг санитария-эпидемиологик саломатлиги, ҳайвон ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни қўриқлаш каби масалаларни қамраб олган. 

Ҳужжат қуйидагиларни кўзда тутгани учун бошқа соҳаларга ҳам тегишли қонунчилик масалаларини тартибга солади. Масалан:

  • асосий биологик хавф турларини аниқлаш, аҳоли ва атроф-муҳитни хавфли биологик омиллар таъсиридан, шу жумладан, синтетик биологик агентлар таъсиридан ҳимоя қилишнинг комплекс чораларини ташкил этиш;
  • патоген микроорганизм ва вируслардан фойдаланиш билан боғлиқ коллекция тузиш фаолиятини белгилаб бериш, унинг ишини ташкил этишга қўйиладиган талабларни аниқлаш;
  • биологик хавфсизликни таъминлаш тадбирлари самарали амалга оширилаётганига баҳо бериш учун биологик хавф турларини кузатиб бориш тартибини белгилаб қўйиш;
  • биологик хавф турларини бошқариш мақсадида тузиладиган биологик хавфсизликни таъминлаш борасида давлат ахборот тизимини ташкил этиш;
  • микроорганизмларнинг микробга қарши воситаларга чидамлилигини енгиш учун ўтказиладиган тадбирларни белгилаш.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида биологик хавфсизликни таъминлаш борасида давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий бошқарув органларининг ваколатлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Қонун лойиҳасида биологик хавфсизликни таъминлаш борасида алоҳида давлат назорати ташкил этилиши кўзда тутилмаган, ижро ҳокимиятининг ваколатли органлари  ва ижро ҳокимияти органлари Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ белгиланган ваколатлар доирасида биологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган маълум бир функцияларини бажаради.

Top