08:08 / 16.02.2021
4101
Туркиянинг бир ҳудудидан Ўзбекистонга помидор ва қалампир уруғликлари экспорти учун вақтинчалик тақиқ жорий этилди

“Ўздавкарантин” инспекцияси 2021 йил 12 февралдан бошлаб Туркия давлатининг Бурса ҳудудидан Ўзбекистонга помидор ва қалампир уруғликлари экспорти учун вақтинчалик тақиқ жорий этди.

Инспекция ахборот хизмати хабарига кўра, бунга мазкур ҳудудда жойлашган Bursa Tohumculuk Ziraat ve Tic.A.S. корхонасидан Ўзбекистонга келтирилган 85 кг помидор уруғлигида “Помидор жигарранг бужмайиш вируси” (Tomato brown rugouse fruit virus) аниқлангани сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан 2021 йил 11 февралда Ўзбекистонга карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда белгиланган фитосанитария талаблари бузилганлиги тўғрисидаги нотификация (хабарнома) Туркия давлатининг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилотига юборилди.

Билдирилишича, бугунги кунга қадар Туркиянинг ваколатли органидан “Ўздавкарантин” инспекциясига жавоб хати келиб тушмаган.

Помидор ва қалампир маҳсулоти уруғлигига қўйилган вақтинчалик чеклов “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги 99-сонли қарори иловасининг 16-бандига кўра ўрнатилгани айтилади.

Top