13:32 / 19.02.2021
15713
Ўзбекистон аҳолисини дам олиш кунлари ёмғирли об-ҳаво кутмоқда

Дам олиш кунлари республика бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли камроқ. Ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даража илиққача, кундуз кунлари 8-13 даража илиққача пасаяди.

Фото: KUN.UZ

«Ўзгидромет» хабарига кўра, ушбу ҳафтада мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати февраль ойининг иккинчи ярми учун меъёрий қийматларидан 13-17 даражага юқори бўлган жуда илиқ баҳорий об-ҳаво кузатилди. 16 февралдан 18 февралгача бўлган даврда максимал ҳарорат баъзи жойларда шу кунларнинг кўп йиллик рекордидан ошди.

Кеча кундуз куни ҳаво 25-28 даражагача, жанубда 30-32 даражагача исиди. Бу метеорологик кузатувларнинг бутун даври давомида 18 февраль куни учун энг юқори ҳарорат қийматларидир.

Бугун об-ҳаво ўзгара бошлади, осмонни зич булутлар қоплади, шимоли-ғарбий ҳудудларда қорга айланадиган ёмғирлар бошланди. Об-ҳаво ўзгаришига бугун мамлакатга Кавказ ҳудудларидан кириб келаётган совуқ ва нам антициклон сабабчидир.

Кун давомида республиканинг барча ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир, шимолда қор ёғади. Фақат Сурхондарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли камроқ. Баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача, баъзида эса 25-30 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 15-20 даража илиқ атрофида бўлади, шимолда 0-5 даража илиқдан ошмайди.

Дам олиш кунлари антициклон таъсири сақланиб туради, республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даража илиққача, кундуз кунлари 8-13 даража илиққача пасаяди. Ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрга яқинлашади.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Top