12:32 / 19.02.2021
2525
Ўзбекистонда 500 кВли Ғузор-Регар электр узатиш тармоғини тиклаш ишлари бошланди

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, энергетика ва сув ресурслари мувозанатини сақлаш, истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш борасида Тожикистон билан ҳамкорликда бир қатор инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғини тиклаш инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, айни пайтда лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш тармоғининг Ўзбекистон ҳудудидаги 63 километр узунликдаги қисмини қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган. Уни жорий йилнинг тўртинчи чорагида якунлаш кўзда тутилган.

Хабарда маълум қилинишича, лойиҳа Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомаси асосида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа – Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика тизимларининг параллел ишлаши вақтида электр энергияси ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, мазкур лойиҳанинг қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа халқаро тендер танловларида ғолиб бўлган Хитойнинг «Shanghai Electric Power Transmission & Distribution» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Top