21:47 / 21.02.2021
62413
Онлайн об-ҳаво хизматлари Ўзбекистонда ҳаво кескин совишини прогноз қилмоқда

Ўзбекистонда 24 феврал, чоршанба тунидан бошлаб ҳаво ҳарорати кескин совиши кутиляпти. Буни қатор гидрометеорологик хизматларнинг об-ҳаво башоратлари ҳам тасдиқламоқда.

Мамлакатда 23 феврал, сешанба куни бошланадиган ёмғир аксар ҳудудларда қорга айланиши башорат қилинган. 24 феврал куни кечга бориб ҳаво ҳарорати - 5 – 8 даражагача, 25 феврал куни кечаси эса -10 – 12 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Гидрометеорологик хизматлар бераётган башоратларга кўра, республика ҳудудида совуқ ҳаво ҳафта сўнгигача сақланиб қолади. Яндекс об-ҳаво хизмати март ойининг илк кунларидан ҳаво яна исий бошлашини башорат қилган.

 

Аввалроқ, 15 феврал куни «Ўзгидромет» Ўзбекистонга Эрон ҳудудидан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши билан ҳафта охирида об-ҳавода кескин ўзгариш кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Сўнгра 18-21 февралда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказ ҳудудлари устида шаклланган нам ва деярли салқин ҳаво массалари кириб келиши ҳам башорат қилинди. «Ўзгидромет» ҳозирча бошқа гидрометеорологик хизматлардан фарқли февралнинг сўнгги ҳафтаси совуқ келишидан огоҳлантиргани йўқ.

P.S. Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатнинг аксар ҳудудларида ҳаво совиши билан уйларни иситиш асосий масалага айланади (айниқса ўтган йил якунидаги совуқдан кейин). Одамлар ҳаво совишидан аввалроқ огоҳлантирилса, улар уйни иситишнинг тадоригини кўриб қўйган бўларди. Балки газ билан таъминланмаган ҳудудларга қўшимча кўмир ёки пропан етказиб бериш масаласи ҳам кўрилар. Чунки бу катта эҳтимол билан қиш мавсумининг охирги совуғи бўлади...

Top