10:40 / 24.02.2021
27157
Эгалик ҳуқуқини тиклашга тўсиқ, ота-боболардан қолган уй ва оширилган солиқ ставкаси: Аҳолини қийнаётган яна бир муаммо

Сўнгги вақтларда уй-жой, ер-мулк соҳасида ечимини кечиктириб бўлмайдиган бир неча муаммо етилиб келмоқда. Ўз вақтида бартараф этилса, жуда кўпларнинг норозилиги олди олиниши мумкин. Аллақачон турли ҳудудлардан бу борадаги мурожаатлар йўлланмоқда.

Ер-мулк билан боғлиқ ҳар қандай низо ва муаммоли ҳолатда биринчи навбатда эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилгани — давлат рўйхатидан ўтказилгани сўралади. Шундай бўлишига қарамасдан, бугун вилоятлардаги истаган туманда аҳолининг қарийб ярмида ўзи яшаётган уйда ҳали ҳам эгалик ҳуқуқи йўқ.

Ҳозирги қонун-қоидалар шундай тузилганки, оддий, қишлоқда яшовчи фуқаро учун уй-жойини давлат рўйхатидан ўтказиб, эгалик ҳуқуқи расмийлаштириш деярли имконсиз аҳволга келиб қолди.

Содда қилиб тушунтирамиз: дейлик, маълум фуқарога уй-жой учун ери 1998 йилда туман ҳокимининг қарори билан ажратилган. 2000-2002 йилларда қуриб битказилган ва яшаб келмоқда. Аҳолининг тенг ярмида бўлгани каби унда ҳам эгалик ҳуқуқи йўқ. Энди эса эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқаролар амалдаги Солиқ кодексининг 437-моддасига кўра уч баравар кўп миқдорда ер солиғи тўлашларига тўғри келади. Ўз-ўзидан фуқаронинг энди ўз уйига эгалик ҳуқуқи расмийлаштириб, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракати тезлашади.

Ҳамма муаммо мана шу жойда бошланмоқда, фуқаро ўзи яшаб келган уй-жойга эгалик ҳуқуқини олишида бир қатор мантиққа зид бўлган тўсиқлар мавжуд. Шунинг учун ҳам у энди солиқни катта эҳтимол билан уч баравар тўлашга мажбур.

Биринчи тўсиқ шуки, фуқаро яшаётган уйига эгалик ҳуқуқини олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қиларкан, ундан уй-жой лойиҳа ҳужжатлари талаб қилинади. Тасаввур қиляпсизми? Қуриб бўлинган уй-жой учун!

Яна бир аниқлаб оламиз: Лойиҳа бу — бино қурилишидан олдин қилинадиган энг дастлабки ҳужжатлардан бири. ДХМ қандай қилиб 30 йил олдин қурилган, шунча йилдан бери фуқаро яшаб келаётган уйнинг лойиҳасини сўраяпти? Чунки қоида шунақа.

Эгалик ҳуқуқини тиклаш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарори асосида амалга оширилади. Қарорда эса эгалик ҳуқуқини тиклаш учун лойиҳа ҳам тақдим этилиши белгилаб қўйилган. Аллақачон қуриб битказилган уйни рўйхатга олишга қурилиш лойиҳасининг талаб этилиши мантиққа зид бўлиб турибди.

Ана шу тарзда фуқаро ўз уйини ҳужжатлаштиришда дастлабки қадамни ҳам қўя олмаяпти. Қоидаларки шундай бўлгач, фуқаро қандай қилиши керак? Дарвоқе, фуқаронинг муаммосини ҳис қилиб унга ёрдам бермоқчи масъул бўлган соҳа вакили эса бу ҳолатда ўз-ўзидан қоидабузарга айланиб қолади.

Қонун-қоидалар мана шу алфозда бўлгани ҳолда эгалик ҳуқуқи бўлмаган уйлар учун уч баравар миқдорда солиқ солиниши ҳадемай аҳолининг норозилигига олиб келиши тайин.

Мутасаддилар мазкур ҳолатга тушиб қолган фуқароларга масалага ечим топиш учун судга мурожаат этишни маслаҳат беради. Аммо аҳолининг 40 фоизида бу муаммо бўлиб турганда суд ечим эмас. Умуман, низоли ҳолатларда судга мурожаат этишни тушуниш мумкин. Аммо бу ерда гап қоидалар ва тизимнинг ислоҳотга муҳтожлиги ҳақида бормоқда.

Хўш, бу муаммодан раҳбарият, соҳа масъуллари бехабарми? Хабардор. Шунинг учун ҳам 2020 йил 15 октябрда давлат раҳбари бошчилигида ўтказилган йиғилишда шу муаммо ҳам алоҳида тилга олинганди. Мазкур йиғилишда давлат раҳбари мутасаддиларга «2021 йилнинг 1 мартига қадар эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган кўчмас мулк объектлари муаммоларини ҳал этиш чораларини кўрсин», деб аниқ вазифа қўйган. 1 мартга ҳам бир неча кун қолди. Афсуски, ҳали ҳам муаммо муаммолигича турибди. Агар яқин кунларда бу бўйича аниқ чора-тадбирлар эълон қилинса, айни муддао.

Аммо мазкур йиғилиш баёнида айтилган муаммони бартараф этиш учун тегишли қонунчиликка ҳам ўзгартиришлар киритиш керак-да. Чунки эгалик ҳуқуқи бериш тартибини маҳаллий ҳокимликлар ёки тегишли идоралар мустақил эмас, айнан ҳукумат даражасида, аниқ тизим асосида амалга ошириши талаб этилади.

Содда қилиб айтганда, эгалик ҳуқуқини тиклаш учун уй эгасидан биргина лойиҳа сўралиши шунча муаммони келтириб чиқармоқда. Ҳолбуки, лойиҳа энди қуриладиган уйлар учун керак. Ечим эса аслида анча оддий — уй-жойга эгалик ҳуқуқини тиклашда бу амалиёт ислоҳ қилиниши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг биз назарда тутган 370-сонли қарори 2018 йилда қабул қилинган ва эгалик ҳуқуқи олиш учун лойиҳа сўраш амалиёти шу йилдан бошланди. Энди ана шу қарор асосида ундан олдин қурилган уйлар учун ҳам лойиҳа сўралмоқда. Ахир, фуқаролар бу қарор чиқишини ундан олдинги ўн йиллар давомида билмаган-ку?! Демак, уй-жойларга эгалик ҳуқуқи беришда 2018 йилгача қурилган уйлардан лойиҳа сўраш мантиққа зид.

Ёхуд соҳа мутахассислари муаммодан келиб чиқиб ўз таклифларини билдиришлари шарт. Дарвоқе, давлат раҳбари юқорида айтилганидек, бу бўйича муддат ҳам белгилаб берган.

Яна бир масала. Уй-жойларга эгалик ҳуқуқини олишдаги муаммо фақатгина бу билан тугамайди. Аксарият фуқаролар ота-бобосидан қолган каттароқ ҳажмдаги, дейлик, 15-20 сотих майдондаги уй-жойларда яшаб келади. Уларнинг ҳам аксариятида эгалик ҳуқуқи йўқ. Ана энди, эгалик ҳуқуқи бўлмаган ерлар учун солиқ ставкаси уч баравар бўлгач, улар ҳам бу ҳужжатни расмийлаштиришлари керак. Бундай вазиятда, қоидага кўра, ер ажратиш қарорини топиб келиш керак. Тўғри, собиқ СССР давридаги колхоз қарорлари ҳам давлат рўйхатидан ўтказишга асос ҳисобланади. Муаммо ва фуқаролар учун мушкуллик шундаки, ўтган асрнинг иккинчи ярмига оид бу каби ҳужжатларни топиш деярли имконсиз иш.

Шундай бўлгач, бу тоифадаги фуқаролар ҳам ўз уй-жойларини давлат рўйхатидан ўтказишда қийинчиликка дуч келмоқда. Демак, бу бўйича ҳам қонунчилик ислоҳотга муҳтож.

Ҳал этиш мумкин бўлган бу муаммолар аҳолимизнинг қарийб ярмини эрта ёки индин безовта қилади. Энг қизиғи, соҳа мутасаддилари ҳам бунинг ечими осон эканидан хабардор. Аммо, ҳозирча масъуллар тартибни ўзгартириш шарт эканини айтиб ташаббус кўрсатишдан ўзларини тортмоқдалар.

Муаммо эса кун сайин бўй чўзиб бормоқда.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири. 

Top