22:20 / 17.03.2021
4944
Эксклав ҳудудлар учун айрим солиқ ставкалари белгиланиши мумкин

Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда. Фарғона вилоятининг айрим ҳудудлари эксклав ҳудудлар сифатида эътироф этилиб, ушбу жойларда кодексда назарда тутилган солиқ ставкаларидан қатъи назар, айрим солиқ ставкалари белгиланиши мумкин. Шунингдек, 2020 йил 31 декабргача даврда солиқ қарзи бўлган айрим солиқ тўловчилардан 2 йилгача солиқ қарзи ундирилмаслиги таклиф этилмоқда.

«Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси айрим ҳудудлари: Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг «Чўнғара» маҳалла фуқаролар йиғини, шунингдек, Фарғона туманининг «Шоҳимардон» ва «Ёрдон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудлари эксклав ҳудудлар (Ўзбекистон Республикаси айрим ҳудудлари) деб эътироф этилиши назарда тутилган.

Эксклав ҳудудларида солиқ ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

1) фойда солиғи бўйича – 1 фоиз. Ушбу солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида солиқ органида ҳисобда турган ва амалга оширилаётган фаолиятидан даромадлар олувчи солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланади;

2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича – 1 фоиз. Ушбу солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида меҳнат фаолияти амалга оширилганда қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи чоракда 25 000 сўм миқдорида тўланади;

3) ижтимоий солиқ бўйича:

  • юридик шахслар учун (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) – 1 фоиз. Ушбу солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондига нисбатан қўлланади;
  • Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун – йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида;

4) айланмадан олинадиган солиқ бўйича – 1 фоиз. Ушбу солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида амалга оширилаётган фаолиятидан олинадиган тушум қисми бўйича солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланади.

Ўзбекистон Республикаси эксклав ҳудудларида жойлашган кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари, шунингдек, мазкур ҳудудларда фойдаланиладиган сув ресурсларига нисбатан Солиқ кодексининг тегишли моддалари билан белгиланган мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига 0,1 коэффициент қўлланилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 1 январга қадар даврда 2020 йил 31 декабр ҳолати бўйича солиқ қарзини мажбурий ундириш, шунингдек, пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмаслиги назарда тутилган. Бунга:

  • туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларнинг юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
  • 2020 йилда вақтинча қийинчиликлар туфайли юридик шахслар томонидан ҳисобланган ва тўланмаган юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
  • 2020 йил 15 май ҳолатига қарздорлиги мавжуд бўлган микрофирма ва кичик корхоналарнинг солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар кириши кўзда тутилган.
Top