19:18 / 05.03.2021
9158
Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Россия ТИВнинг Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими бошлиғи Олег Мальгинов Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди.

Фото: Sputnik

Россия президенти Владимир Путиннинг фармонига биноан, Олег Сергеевич Мальгинов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.

У 2009 йилдан бери Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Владимир Тюрденев ўрнини эгаллайди.

Маълумот учун, Олег Мальгинов 1957 йилда туғилган. СССР Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган. 

Мальгинов дипломатия соҳасида 1979 йилдан бери фаолият юритиб келади. 1979–1983 йиллар давомида собиқ иттифоқнинг Ҳиндистондаги элчихонасида ишлаган. 1993 йилгача эса аввал собиқ иттифоқ, кейинчалик эса Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Инсон ҳуқуқлари департаменти раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаган.

У 1994–1999 йилларда Россиянинг БМТдаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси етакчи маслаҳатчиси, кейинчалик эса Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро инсонпарварлик ҳамкорлиги ва инсон ҳуқуқлари департаменти директори ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Дипломат 2003 йилдан 2006 йилгача Россиянинг Бангладешдаги элчиси, 2011–2016 йилларда эса Руминиядаги элчиси лавозимларини эгаллаган.

Олег Мальгинов Ўзбекистонга элчи этиб тайинланишидан олдин Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими бошлиғи бўлган.

Top