20:55 / 11.03.2021
4131
1,1 кг қуйма тиллаларни яширинча олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Қўшни мамлакатдан Андижон вилояти божхона бошқармаси «Дўстлик» чегара божхона постига кириб келган фуқаролар Г.А. ва Э.М. ларнинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди.

Ушбу шахслар тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, уларнинг юклари орасида декларацияда кўрсатилмаган, божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, умумий қиймати 880 млн сўмлик 1,1 кг қуйма тилла борлиги аниқланди.

Маълумот учун, президентнинг 2018 йил 6 февралдаги 3512-сонли қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасига 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини божхона тўловларисиз олиб кириши мумкин.

Тилла тангаларни ноқонуний олиб чиқишга бўлган уриниш фош қилинди

Тошкент халқаро аэропорти орқали хорижий давлатга йўл олган фуқаро Д.А. ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, унинг ҳамёни ичида жисмоний шахслар томонидан тегишли рухсатнома асосида олиб чиқилиши лозим бўлган, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати 25 млн сўмлик 4 дона «10 рублей 1899 г. Б.М. Николай император» ёзувли қадимий тилла тангалар борлиги аниқланди.

Божхоначилар «ЗИЛ» операциясини фош этишди

Наманган вилояти божхоначилари Янгиқўрғон тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Унда фуқаро С.А. бошқарувидаги «Зил ММЗ-45021» русумли юк машинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Текширув давомида умумий қиймати 70 млн сўмлик юк автомашинасига тегишли ҳужжатлар автомашинанинг идентификацион белгиларига тўғри келмаслиги ҳамда қўшни мамлакатдан ноқонуний тарзда олиб кирилгани аниқланди.

Қонунбузар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини чалғитиш мақсадида автотранспорт воситасини сохта ҳужжатлар асосида бошқариб келаётган экан.

«Осма вентилятор» операциясига чек қўйилди

Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари Фарғона вилояти божхоначилари билан ҳамкорликда Олтиариқ туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида фуқаро К.Р. бошқарувидаги «Hyundai Porter II» русумли юк автомобили Олтиариқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, мазкур автотранспорт воситасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, қиймати 101 миллион сўмлик 2200 дона осма вентилятор товарлари борлиги аниқланди.

Сифати кафолатланмаган 200 миллион сўмлик «Гепарин» савдоси тўхтатилди

Тошкент вилояти божхоначилари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Тошкент туманидаги автотураргоҳлардан бирида фуқаро Н.Х. ўзига тегишли «Дамас»га ортилган, умумий қиймати 200 млн сўмлик, жами 5000 қути «Гепарин» номли дори воситаларини шартли харидорга сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top