11:33 / 15.03.2021
4311
Rakuten акциялари баҳоси янги инвестиция ҳақидаги хабардан сўнг 20 фоизга қимматлашди

Душанба куни Япониянинг технологик гиганти Rakuten АҚШдаги рақиблари билан яхшироқ рақобат қилиши учун 2,2 миллиард доллар жалб қилмоқчи эканини маълум қилганидан сўнг компания акциялари баҳоси 20 фоизга кўтарилди.

Rakuten жума куни 8,3 фоиз акциясини Japan Post почта ва банк гигантига сотишни режалаштираётганини маълум қилди ва бу Микитани оиласи тегишли бўлмаган энг катта улуш бўлади. Хитойнинг Tencent интернет компанияси акцияларнинг 3,6 фоизи, АҚШнинг Walmart ритейлери эса 0,9 фоизини сотиб олади.

Rakuten э-тижорат, мобил алоқа, видео стриминг ва молиявий технология соҳаларида 70дан ортиқ бизнесга эгалик қилади. Компаниянинг бозор капитализацияси 16,4 миллиард долларни ташкил қилади.

Rakuten асосчиси, раиси ва бош менежери Хироши Микитани душанба куни CNBC’га берган интервьюсида унинг компанияси «тез ўсиб бораётгани ва янада ривожланиш учун кўпроқ капитал кераклиги»ни айтган.

Унинг айтишича, Rakuten ва Japan Post биргаликда айниқса қишлоқ ҳудудларида етказмаларни сунъий интеллект имкониятларини янада самаралироқ қилиш устида ишлашади. «Икки компания, шунингдек, молиявий технологиялар соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин», дейди Микитани.

Хитой бозорига кириш

Шунингдек, Tencent билан ҳамкорлик Хитой бозорига киришга Rakuten’нинг яна бир бор уриниши бўлади. Микитанининг айтишича аввалроқ Хитойнинг яна бир интернет гиганти Baidu билан уриниши муваффақиятсизликка учраган.

«Ростини айтсам, Хитой киришимиз учун жуда қийин бозор бўлиб келяпти. Энди Tencent билан ҳамкорлик қилиб, япон маҳсулотларини Хитой бозорига олиб киришимиз мумкин. Япон контентини ҳам...», дея баёнот берган у CNBC’нинг “Squawk Box Asia” дастурига.

Ўтган йили Rakuten’нинг айланма маблағи 13,35 миллиард долларни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 15,2 фоиз ўсиш кузатилган.

Top