10:42 / 18.03.2021
1628
Навоийда йилнинг ўтган муддатида 13 киши автоҳалокат туфайли вафот этган

Навоий вилоятида жорий йил бошидан буён 34 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Шунинг 13 таси инсон ўлими билан боғлиқ. 21 та ҳолатда ҳодиса иштирокчилари тан жароҳати олишган. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан 17 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Анвар Ҳафизовга кўра, ҳозирда вилоят бўйича 276 та МЧЖ мақомидаги тадбиркорлик субъектига бирлашган 6 000 дан ортиқ автотранспорт воситалари эгалари аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатади. Ўтган йили пандемия туфайли мазкур автотранспорт воситаларининг аксарияти техник кўрикдан ўтмай қолган. Жорий йилдаги техник кўрик эса уларнинг етмиш фоизга яқини ҳам техник, ҳам маънан йўловчи ташиш талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. 

Ҳудудлар кесимида олиб қараганда, ўлим билан боғлиқ авариялар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Навбаҳор туманида 400 фоизга, Зарафшон шаҳри ва Томди туманида 200 фоизга ошган. Таъкидланишича, автоҳалокатларнинг 15 таси тезликни ошириш, 1 таси пиёдаларга йўл бермаслик, 1 таси светофорга риоя қилмаслик, 2 таси оралиқ масофани сақламаслик, 2 таси қарама-қарши йўналишга чиқиш, 3 таси бошқарув пайтида ухлаб қолиш, 1 таси маст ҳолда машина бошқариш натижасида содир этилган.

Олдинроқ Навбаҳор туманида маст ҳолатдаги пиёда автоҳалокат қурбонига айлангани ҳақида хабар бергандик.

Top