08:44 / 18.03.2021
2362
«Заргарлик соҳаси 95 фоизи қора бозорда бўлган, заргарга жиноятчи сифатида қараб келинган» — «Ўзбекзаргарсаноати» вакили

Норасмий статистикага кўра, Ўзбекистонда йилига 8 тонна қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари айланмаси бор. Соҳа 95 фоиз қора бозорда бўлган. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси ўринбосари заргарлик саноатига оид расмий статистика йўқлиги сабабларига тўхталди.

Жорий йилнинг 17 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Мираҳмедов нима сабабдан заргарлик соҳасига оид статистикалар (заргарлик буюмлари йиллик айланмаси, экспортга оид маълумотлар ва ҳоказо) мавжуд эмаслиги сабабларига тўхталди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Заргарлик саноати 95 фоиз қора бозорда бўлгани сабабли расмий статистикани олиш имконияти бўлмаган. Иккиламчи ресурслардан олиб, норасмий, тахминий статистик база билан ишлаганмиз. Статистика бўлмаса, фаолиятимизни тўғри юргиза олмаймиз. База бўлса ҳам у юздан беш қисм ахборотни ўз ичига олади. Энди умид қиламизки, 2021 йилдан бошлаб статистик база тўлдирилишни бошлайди. Заргарлик соҳасидаги ҳақиқий шароитнинг бир қисмини кўрсак бўлади.

Қимматли металлардан ясалган заргарлик буюмларининг Ўзбекистондаги айланмасига келадиган бўлсак, энг кўп тақинчоқ сотиладиган пайт никоҳ жараёни ҳисобланади. Келин-куёв ўзаро тилла узуклар алмашади, бу тилла узуклар тахминан 2—4 ёки 4—6 грамм бўлади. Никоҳлар сони йилига 300 мингдан ошиқроқ. Шуни ҳисобга олиб, 2 тонна тилла бор деган хулосага келганмиз, лекин бундан ташқари, бошқа ҳолларда ҳам одамлар тилла сотиб олади. Aҳоли сони ва аёллар сонидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда йилига тахминан 8 тонна қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари айланмаси мавжуд, деган тахминий хулоса олганмиз. Бу норасмий статистика ва уни расман тасдиқлаш қийин масала. Бундан ташқари, жаҳондаги халқаро таҳлил қилувчилар маълумотига кўра, уларда йиллик тилла айланмаси 13—14 тоннагача. Қанча тилла айланмаси борлигини ўрганиш давомида Ўзбекистонга Туркия, Озарбойжон, БAAдан ноқонуний тарзда кириб келаётган тақинчоқларни ҳам ўргандик», — дейди у.

Унга кўра, 2017 йилгача заргарлик саноатига оид қонуний нормалар бўлмагани учун заргарга жиноятчи сифатида қаралган.

«25 йил давомида заргарлар жиноятчига чиқариб қўйилди. Чунки уларда қонуний тарафдан фаолият олиб боришга қонуний асос бўлмаган. Ўша пайтда ҳам заргарлик уюшмаси бўлган. Заргарларга ўзимизда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини сотиш ҳуқуқи берилмаган. Улар қора бозорда фаолият олиб борган. 2017 йилдан бошлаб қимматбаҳо металларга хомашё ёки товар сифатида қараш пайдо бўлди, заргарлар фаолиятини қонунийлаштириш учун асос яратилди ҳамда хомашё билан таъминлаш қонунийлаштирилди. Лекин 25 йил ичида калтак еб юрган заргарларни ишонтириш осон бўлмаяпти», — дейди у.

Ўз навбатида, Статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегалов Kun.uz’га заргарлик саноатига оид статистикалар 2021 йил охирига қадар эълон қилинишини билдирди.

Матбуот анжуманида «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси аъзоларига «Ҳунарманд» уюшмасига берилган солиқ имтиёзлари татбиқ этилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун нуфузли халқаро кўргазмаларда қатнашиш билан боғлиқ сарф-харажатларнинг 50 фоизи компенсация кўринишида қоплаб берилиши айтилди.

Aввалроқ, президент «Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда заргарлик буюмларини электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилди.

Top