08:03 / 25.03.2021
4172
Кроссовка, печенье ва дафтар ичига яширилган тиллалар фош бўлди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.

Тошкент халқаро аэропортига хориждан учиб келган ва «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган фуқаро Д.Ў.нинг юклари ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Натижада унинг шахсий буюмлари, яъни кроссовка, болалар печеньеси ва дафтарча ичига жойланган ва шу тариқа божхона назоратидан яширилган, умумий қиймати 35 млн сўмлик 87,7 грамм оғирликдаги сариқ металлдан ясалган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Божхоначилар шампунь идишларига яширилган 12 кг килограмм героинни фош қилишди

Сурхондарё вилояти божхоначилари томонидан идишларидан фойдаланган ҳолда йирик миқдорда суюқ гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга бўлган бир нечта уринишлар фош қилинди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси "Айритом" чегара-божхона постига пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси К.М.нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унинг юклари орасида 14 дона қора рангли пластмасса шампунь идишларига жойланган, соф оғирлиги 3,149 килограмм бўлган, суюқ шаклдаги героин гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давомида фуқаро К.М.дан сўнг 5 дақиқа ўтар-ўтмас фуқаро К.А. ҳам гўёки шампунь олиб келаётган йўловчи сифатида кириб келди ва 12 дона шампунь идишларга қадоқланган, соф оғирлиги 2,532 килограммдан ортиқ бўлган, суюқ шаклдаги героин билан қўлга олинди.

Буни қарангки, ушбу қонунбузарлар занжир каби тизилган экан, қўлга олинган икки шериги ортидан яна 5 дақиқадан сўнг қўшни давлат фуқароси М.А. ҳамда 10 дақиқа ўтиб, яна бир хориж фуқароси М.С. ҳам чегара божхона постида белгиланган тартибда текширувдан ўтказилганида, уларнинг юклари орасида жами 27 дона шампунь идишларига жойланган, соф оғирлиги 6,674 килограмм бўлган, суюқ шаклдаги героин борлиги аниқланди.

Қонунбузарларнинг режаси чиппакка чиқди, шампунь идишларига яширилган жами 12,355 килограмм соф оғирликдаги героин гиёҳвандлик воситасининг юртимизга кириб келишига божхоначилар ўз вақтида чек қўйишди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал жараёнлар олиб борилмоқда.

«Mercedes-benz vito»даги найранг иш бермади

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «С.Нажимов» чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро М.З. бошқарувидаги «Mercedes-benz vito» русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автоулов юкхонасида божхона назоратидан яширилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати салкам 6 580 000 сўмлик

112 дона сифати кафолатланмаган парфюмерия воситалари борлиги аниқланди.

Кумушни «яшил» йўлакдан олиб ўтишга бўлган уриниш фош бўлди

Тошкент халқаро аэропортига хорижий авиарейс билан учиб келган фуқаро Х.Н.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва у ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, унинг юклари орасида божхона назоратидан яширилган ва жисмоний шахслар учун белгиланган божхона тўловларисиз олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий қиймати 13,6 млн сўмлик 550 грамм кумушдан ясалган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

1,5 млрд сўмлик сув иситкичларни яширинча олиб киришга бўлган уриниш иш бермади

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Чуқурсой» ТИФ божхона пости ходимлари пойтахтимизда фаолият олиб бораётган МЧЖлардан бирининг номига хориждан келтирилган 4 та юк контейнерини ўрнатилган тартибда кўздан кечирди.

Натижада, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилган газли сув иситкичлардан ташқари, божхона юк декларацияси ва юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган, умумий қиймати 1 млрд 569 млн сўмлик 299 дона сув иситкичлари борлиги аниқланди.

Top