08:47 / 26.03.2021
3150
Байден 2024 йилги сайловларда иштирок этмоқчилигини маълум қилди 
Фото: EPA-EFE

АҚШ президенти Жо Байден қайта сайланиш учун 2024 йилги президент сайловларида курашмоқчилигини маълум қилди. У бу ҳақда президент сифатида ўтказаётган биринчи тўлиқ форматли матбуот анжуманида айтиб ўтди.  

“Менинг жавобим – ҳа. Мен қайта сайланишни режалаштирмоқдаман ва мен буни кутмоқдаман”, деб айтган Байден.

Ундан кейинги сайловларда вице-президент Камала Харрис билан яна биргаликда иштирок этиши ҳақида сўралган. “Мен шундай бўлади ҳам, деб ҳисоблайман. У ўз ишини аъло даражада уддаламоқда, у яхши шерик”, деб жавоб қилган АҚШ президенти.

Байденнинг таъкидлашича, мамлакат ичидаги парчаланишнинг давом этиши учун жавобгарлик биринчи навбатда республикачилар бўйнига тушади.

“Ўйлайманки, республикачи ҳамкасбларим биз бирга ишлаймизми ёки йўқ, ҳал қилишлари керак. Ёки улар мамлакатни парчалаш йўлидан боришга қарор қилишлари мумкин. Бироқ мен бундай йўл тутмайман”, деб айтган АҚШ раҳбари. “Биладиганим шуки, мени мамлакатни парчалаш учун эмас, муаммоларни ҳал қилишим учун сайлашган”, деб қўшимча қилган Байден. 

АҚШ президенти мамлакатнинг ички муаммолари, жумладан миграция ислоҳоти ва ўқотар қурол айланмаси ортидан назоратни кучайтириш билан навбати билан шуғулланишини айтган. Бироқ, унинг таъкидлашича, бугунги кундаги устувор вазифаси пандемияга қарши кураш ҳисобланади.

Top