09:22 / 30.03.2021
618
Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасида Ўзбекистоннинг доимий вакили лавозими жорий қилинди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қарор билан Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • ОҚХЖ органларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;
  • ОҚХЖ органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш;
  • халқаро молия ташкилотлари, донор давлатлар ҳамда соҳага оид жамғармалар билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш;
  • доимий вакилнинг фаолиятини ташкил этиш ва молиявий таъминлаш.

ОҚХЖ Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили томонидан қуйидаги вазифалар ҳам амалга оширилади:

  • ОҚХЖ органларида Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш;
  • ОҚХЖ доирасида амалга ошириладиган кўп томонлама халқаро шартномалар, лойиҳалар ва дастурларда Ўзбекистоннинг самарали иштирокини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирлик ва идоралари билан ОҚХЖ органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш;
  • ОҚХЖ фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро конференциялар, симпозиумлар ва семинарларни ташкил қилишда иштирок этиш.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистоннинг бадали (улуши) сифатида ҳар йили республика бюджети ҳисобидан ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади:   
- Оролни қутқариш Халқаро жамғармасининг (кейинги ўринларда – ОҚХЖ) Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамда ОҚХЖнинг Нукус филиали;
- Орол денгизи ҳавзасини қутқариш ва соғломлаштириш бўйича тадбирлар ва лойиҳалар.

Таъкидланишича, 2021 йилдан бошлаб ОҚХЖ Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили фаолиятини сақлаш билан боғлиқ харажатлар ОҚХЖга Ўзбекистоннинг бадали (улуши) сифатида республика бюджетидан ҳар йили ўтказиб бериладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Шунингдек, ОҚХЖ Ижроия қўмитасидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича Марказий Осиё мамлакатларидаги элчихоналари маслаҳатчиси мақомига тенглаштирилади.

Top