14:30 / 30.03.2021
3461
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: вилоятга янги тармоқлар қуриш учун зарур электр ускуналар олиб келинди

Маълумки, 24 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси бўлиб ўтганди.

Таъкидлаш жоизки, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан, ўз навбатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган режа-дастурлар ишлаб чиқилиб, унга асосан ҳудудларга янги электр тармоқлари қуриш, реконструкция-модернизация ишларини бажариш учун зарур бўлган электр жиҳозлар етказиб берилиши таъминланмоқда.

Хусусан, куни кеча биринчилардан бўлиб Хоразм вилоятига 80 та турли қувватдаги трансформатор, 13,654 км узунликдаги замонавий кабеллар ва бошқа зарур электр ускуналар ортилган катта юк машиналар карвони етиб келди.

– Электр тармоқлари қуриш учун вилоятимизга бундай катта ҳажмдаги электр жиҳозлари етиб келиши бизни янада масъулият билан ишга киришишга, белгиланган режа асосидаги электр тармоқларини биринчилардан бўлиб қуриб битказишга ундамоқда. Бундан ташқари, вилоятимиздаги 22 та қишлоқда «Обод қишлоқ», 4 та маҳаллада «Обод маҳалла» дастурлари бўйича ҳам ишлар жадал суръатлар билан олиб борилаётганини эътироф этиш жоиздир. Ўз навбатида, жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида айнан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 20 та трансформатор янгидан ўрнатилди, 77 таси жорий ва мукаммал таъмирланди. 25,2 км узунликдаги электр тармоқлари янгидан қурилди, 86,3 км узунликдаги электр тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланди. Йил якунигача эса бу борадаги кўрсаткич мос равишда 224 км ва 146 та трансформатор пунктини янгидан қуриш ва таъмирлаш режалаштирилаётган бўлса, бундан 22 таси янги қурилиш, 124 таси жорий ва мукаммал таъмирланадиган трансформаторни, 33,3 янги қурилиши лозим бўлган 190,7 км узунликдаги жорий ва мукаммал таъмирланадиган тармоқларни ташкил этиши режалаштирилаётганини қайд этиб ўтмоқчиман. Бу каби саъй-ҳаракатларимиз натижасида йиллар давомида электр энергияси таъминоти яхши бўлмаган кўплаб аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектлари сифатли электр энергиясидан баҳраманд бўлади, – дейди «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Сухроб Беригин.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган даврида Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги 2661-сонли қарори асосида узунлиги 85,2 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 148 та трансформатор пунктларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати

Top