20:29 / 01.04.2021
3293
Риштондаги почта биноси ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бир кунда ноқонуний бузиб ташланган – АКТ вазирлиги

АОКАда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Брифингда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов ижтимоий тармоқларда Риштон почта алоқаси ходимларининг абгор бинода ишлаётгани акс этган видео тарқалгани ва тармоқ фойдаланувчилари томонидан нотўғри талқин қилинаётгани бўйича вазирлик муносабатини эълон қилди.

«Фарғона вилояти Риштон почта алоқа боғланмаси биноси 2019 йилга қадар замонавий кўринишга эга бўлган 3 қаватли бинода фаолият юритиб келган. Фарғона вилояти ва Риштон туман ҳокимликларининг мутасадди ходимлари томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бинонинг бир қаватли қисми ва уч қаватли қисмининг ярми бир кунда ноқонуний бузиб ташланган. 

Шундан сўнг почта ходимлари вақтинча ишлаб туриш учун бошқа бинога кўчирилган.

Мазкур масала бўйича «Ўзбекистон почтаси» АЖ томонидан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилинган. Суднинг ҳал қилувчи қарорига кўра, «Ўзбекистон почтаси» АЖ фойдасига туман ҳокимлиги ҳисобидан 1,3 млрд сўм моддий зарар ундирилади.

Риштон почта алоқа боғланмаси ҳозирги биноси нафақат ишчи-ходимлар, балки аҳоли учун ҳам турли ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Масаланинг асл моҳияти кенг таҳлил қилинмасдан ижтимоий тармоқларда тарқатилган.

Риштон туман ҳокимлиги томонидан етказилган зарар ундирилиши билан туман почта алоқа боғланмаси учун янги бино сотиб олиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилади», – дея жавоб берган вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов.

Top