15:42 / 05.04.2021
9966
Энг кўп томошабин Андижонда, Тошкентда антирекорд, Лобановдан кулгили, ҳакамлардан қўпол хато. Суперлига 4-тур сарҳисоби

Якунланган ҳафтада Суперлига 4-тур баҳслари ўтказилди. Мамлакатимизнинг еттита стадионида кечган учрашувлар якунида Tribuna.uz сайти тур сарҳисобини тақдим этади.

Тур ўйини: ОКМК ОЧЛ олдидан «Навбаҳор»ни мағлуб этди

Суперлига 4-турининг марказий тўқнашуви сифатида эътироф этилган баҳс ОКМК ва «Навбаҳор» ўртасида кечиб, кутилган шиддатни тақдим эта олди. Суперлигадаги VARли ўйинда ҳакамларнинг янги тизимга мурожаат қилаётгани ва пенальти белгиланаётгани одат тусига айланмоқда. Олмалиқдаги учрашувда ҳам ҳакамлар дастлаб меҳмонлар дарвозаси томон, кейин эса мезбонлар дарвозасига 11 метрлик жарима тўпи белгилашди. Санжар Турсунов ва Славиша Стояновичнинг пенальтидан киритган голларидан кейин катта саҳнага Шохруҳ Гадоев чиқди. Қосимов томонидан захирадан майдонга туширилганига 4 дақиқа бўлган Гадоев қарши ҳужумда ажойиб зарбаси билан Юсупов дарвозасининг ўнг бурчагини аниқ нишонга олиб, Олмалиқ клубини Қатардаги ОЧЛ ўйинига хушкайфиятда боришини таъминлади.

Суперлига. 4-тур. 2 апрель

ОКМК - «Навбаҳор» - 2:1

Голлар: Санжар Турсунов 26 пенальтидан, Шохруҳ Гадоев 71 - Славиша Стоянович 44 пенальтидан.

Тур қаҳрамони: «Сўғдиёна» камбэкини таъминлаган Шоҳруз Норхонов

Суперлига 4-тури доирасида «Сўғдиёна» Жиззахда «Сурхон»да мағлубиятга учраётган бир пайтда Шоҳруз Норхонов Улуғбек Бақоев жамоасининг камбэкини таъминлади.

Учрашувнинг биринчи бўлими якунида меҳмонлар пенальтидан ҳисобни очган бўлишса, 60-дақиқада Шоҳруз Норхонов ҳисобни тенглаштирди. 88-дақиқага келиб яқинда дисквалификациядан қайтган бош ҳакам Аскер Нажафалиев Жиззах жамоаси дарвозасига иккинчи пенальтини белгилади. Нуқтага яқинлашган Ислом Тошпўлатов дублга эришиб, Термиз клубига ғалаба келтириши мумкин бўлган вазиятда тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Натижада яна ҳужумга отланган Улуғбек Бақоев шогирдлари 90+4-дақиқага келиб иродали ғалабага эришишди. Бу сафар ҳам Норхонов гол уриб, «Сўғдиёна»га муҳим ғалабани келтирди. Натижада Жиззах жамоаси очколари сонини 10тага етказиб, 2-ўринга чиқиб олди.

Суперлига. 4-тур. 1 апрель

«Сўғдиёна» - «Сурхон» - 2:1

Ҳакам: Аскер Нажафалиев (Тошкент)

Голлар: Шоҳруз Норхонов 60, 90+4 - Ислом Тошпўлатов 45+2 пенальтидан.

Тур мухлислари: Энг кўп томошабин Андижонда

Ўтган турлар давомида турнинг энг кўп томошабини Наманган, Қарши шаҳарларида кузатилган бўлса, бу сафар Андижон бу борада етакчи бўлди. «Андижон» - «Машъал» (1:1) учрашувига 8524 мухлис «Бобур Арена» стадионига тушган.

Эътиборлиси, мавсум антирекорди амалдаги чемпион стадионида кузатилди. «Пахтакор» - «Металлург» (2:1) баҳсини кузатиш учун Тошкентдаги ўйинга 413 нафар томошабин келган.

Суперлига 4-тур томошабин ташрифлар:

«Андижон» – «Машъал» 1:1.  Андижон, 8524 томошабин

«Қўқон-1912» – «Бунёдкор» 0:0. Қўқон, 6542 томошабин

«Насаф» – «Турон» 4:0. Қарши, 5878 томошабин

ОКМК – «Навбаҳор» 2:1. Олмалиқ, 4411 томошабин

«Сўғдиёна» – «Сурхон» 2:1. Жиззах, 1842 томошабин

«Локомотив» – «Қизилқум» 1:1. Тошкент, 1024 томошабин

«Пахтакор» – «Металлург» 2:1. Тошкент, 413 томошабин.

Тур воқеаси: Андижондаги ўйин 104 дақиқа давом этди

Андижондаги учрашув фақат томошабинлар кўплиги билан эмас, Суперлига жорий мавсумида энг узоқ давом этган ўйин сифатида ҳам ёдда қолди. Нималар рўй бермади дейсиз – VAR уч марта вазиятга аралашди, қанот ҳаками Руслан Самандаровнинг хатоси туфайли «Машъал»нинг голи VAR орқали инобатга олинди, Жасур Жалолиддинов пенальтидан гол уриб, 104 дақиқали ўйинда жамоасига очко келтирди.

Суперлига. 4-тур

«Андижон» - «Машъал» - 1:1

Ҳакам: Зокир Қодиров (Навоий)

Голлар: Жасур Жалолиддинов 35 пенальти - Самуэль Онониву 23.

Тур факти: «Локомотив» ва «Турон» кетма-кет 4-ўйинда ғалаба қозона олмади

Суперлига 4-туридан кейин ғалаба нималигини ҳалигача билмаётган икки жамоа қолди - «Локомотив» ва «Турон». «Темирйўлчилар» мавсум олдидан португалиялик мураббий бошқарувида чемпионликни мақсад қилганига қарамай, ҳозирча 2 очко билан аутсайдерлар сафида боришмоқда. «Турон» эса ўз тарихида илк марта Суперлигада ўйнаётгани боис ҳали турнирга мослаша олмаган кўринади.

Тур хатоси: Қанот ҳаками Далер Тиллаев ва Александр Лобановдан кулгили хато

«Пахтакор» - «Металлург» (2:1) ўйини хатоларга бой бўлди. Фақат футболчилар эмас, ҳакамларда ҳам хатолар кузатилди. Учрашувда қанот ҳаками Далер Тиллаев яққол офсайд вазиятини аниқлашда хатога йўл қўйиб, Эрен Дердийўқнинг голини инобатга олди. Сардор Рашидов узатмасидан аввал ўйиндан ташқари ҳолатда қолган эди.

«Пахтакор»нинг иккинчи голи ҳам мухлисларни ҳайратга солди. Шароф Муҳитдиновнинг оддий зарбаси Александр Лобановнинг қўпол хатоси туфайли бекободликларга қимматга тушди. Лобанов Муҳитдиновнинг зарбасини қайтармоқчи бўлиб, ўз дарвозасига киритиб қўйди...

Тур иқтибоси: «Ҳакамлар 50/50 вазиятларда хато қилса тушунаман, аммо 3 метрли офсайдни эмас!»

Бекобод клуби бош мураббийи Жасур Абдураимов «Пахтакор» - «Металлург» (2:1) кейин:

«Ҳакамлик? Рақибнинг биринчи голини кўрдингизми? Яққол офсайдлиги кўриниб турганди. Ҳакамларга эҳтимол тажриба етишмаётгандир. Бу масалада аниқ жавобим йўқ. Ҳакамлар 50/50 вазиятларда ҳам қарор чиқаришда хато қилса майли, аммо бу ерда 3 метрли офсайд бўляпти. Ўша вазиятда офсайдни қайд этиб, байроғини кўтарса ўйин 1:1 бўларди».

Турнинг энг чиройли голи: Марко Станоевичдан «пушка»

Турнинг энг чиройли голи Қаршида ўтган турнинг энг охирги баҳсида кузатилди. «Насаф» Қаршида «Турон»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб, мавсумдаги илк ғалабасини нишонлади. Ўйиндаги иккинчи голга қаршиликларнинг сербиялик легионери Марко Станоевич муаллифлик қилди. Унинг жарима тўпидан йўллаган ажойиб зарбаси тур голига айланди.

Тур фотоси: Апрелда ҳам совқотаётган Дердийўқ

Юртимизга баҳорнинг иккинчи ойи апрель кириб келган бўлса-да, чемпионат учрашувлари нисбатан совуқ об-ҳаво ёки ёмғир остида кузатилмоқда. «Пахтакор»нинг швейцариялик ҳужумчиси Эрен Дердийўқнинг ушбу сурати юртимиздаги баҳорий об-ҳавони ифодалаб турибди.

Тур рамзий жамоасига кимлар муносиб?

Суперлига 4-тури якунларига кўра, қуйидаги футболчилар Tribuna.uz талқинига биноан тур рамзий жамоасидан ўрин олишди.

Дарвозабон: Санжар Қувватов («Пахтакор»)

Ҳимоячилар: Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»), Давронжон Эргашев («Бунёдкор»), Сардор Раҳмонов (ОКМК), Шерзод Насибуллаев («Насаф»)

Яримҳимоячилар: Жамшид Ҳасанов («Қизилқум»), Диёр Туропов («Локомотив»), Марко Станоевич («Насаф»), Ҳусниддин Ғофуров (ОКМК)

Ҳужумчилар: Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»), Ҳусайн Норчаев («Насаф»).

 

Top