09:49 / 07.04.2021
1872
Вазирликлардаги ички аудит хизматининг вазифа ва функциялари белгиланмоқда

Молия вазирининг “Вазирлик ва идораларнинг ички аудит хизмати тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Намунавий низом вазирлик ва идораларда ички аудит хизматини ташкил этиш, унинг асосий вазифа ва функциялари ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.

Вазирлик ва идоралар ички аудит хизматининг асосий мақсади – вазирлик ва идораларда фаолиятни яхшилашга қаратилган ва улар зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажарилишига йўналтирилган риск таҳлили асосидаги, мустақил, холис ва ишончли маълумот ҳамда маслаҳат бериш ҳисобланади.

Ички аудит хизмати бошқарув жараёнлари, рискларни бошқариш ҳамда ички назоратни баҳолаш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган тизимли фаолият юритиш орқали вазирлик ва идоралар мақсадларига эришишига ёрдам беради.

Ички аудит хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, ушбу намунавий низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Ички аудит хизмати ва унинг тузилмавий шакли Ўзбекистон президенти ёки ҳукумати қарори асосида вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати таркибида ташкил этилади.

Ички аудит хизматининг мавжуд штат бирликларини қисқартириш ва уларни ташкилот бошқа таркибий тузилмаларига қайта тақсимлаш ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ички аудит хизмати вазирлик ва идоралар умумий фаолияти натижаларига жавобгар ҳисобланмайди ҳамда ички аудит хизматига намунавий низомда ёки бошқа тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди.

Ички аудит хизмати ходимларига қўйиладиган талаблар:

  • Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистонда тан олинадиган хорижий давлатлар олий таълим муассасаларининг олий иқтисодий, молиявий маълумотга эгалигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиш;
  • иқтисодиёт, молия, солиқ, банк иши, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ҳамда аудит соҳасида (шу жумладан юқорида санаб ўтилган соҳаларда фаолият юритувчи олий таълим муассасаларида педагог сифатида) камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши лозим.

Ички аудит хизмати ходими белгиланган тартибда ҳар йили бир маротаба ўз малакасини ошириши керак.

Ички аудит хизмати ходими қуйидаги ҳолатларда ички аудит тадбирларини ўтказишга йўл қўйилмайди:

  • ички аудит фаолияти амалга оширилиши назарда тутилган вазирлик ва идоралар мансабдор шахсининг яқин қариндоши ҳисобланса;
  • ички аудит фаолияти амалга оширилиши назарда тутилган вазирлик ва идоралардан шахсий ёки мулкий манфаатдор ҳисобланса;
  • ички аудит фаолияти амалга оширилиши назарда тутилган вазирлик ва идораларда аввал ички аудит тадбирларини ўтказган ҳисобланса;
  • вазирлик ва идораларда ишлаган даври ички аудит фаолияти билан қамраб олинган даврга мос бўлса.

Ички аудит хизмати раҳбарининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • ички аудит хизмати фаолиятига бошчилик қилиш;
  • ички аудит хизмати фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ идоравий норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа тегишли ҳужжатларни ички аудит миллий стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва ижросини назорат қилиш;
  • ички аудит хизматига малака талабларига жавоб берадиган, билимли ва малакали ходимларни жалб этиш ва уларнинг иш фаолияти устидан назорат ўрнатиш;
  • ички аудит хизмати ходимларини белгиланган тартибда ва муддатларда малакасини оширишни таъминлаш;
  • ички аудит фаолияти билан боғлиқ вазифалар ижроси юзасидан вазирлик ва идора раҳбари ҳамда ваколатли давлат органига белгиланган тартибда мунтазам равишда ҳисобот бериб борилишини таъминлаш;
  • ички аудит хизмати фаолиятининг тегишли норматив–ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини таъминлаш ҳамда ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича вазирлик ва идора раҳбарига таклиф киритиш.
Top