21:37 / 13.04.2021
34034
Навальний унга Қуръон беришмагани учун қамоқхонани судга берди

Россиялик сиёсатчи Алексей Навальний ўзи ҳибсда бўлиб турган Владимир вилоятидаги 2-ахлоқ тузатиш колониясини судга берган. Бу ҳақда Навальний Инстаграмдаги саҳифасида маълум қилди. Унинг айтишича, қамоқхонага ўзи билан олиб келган китобларни беришмаган.

«Гап шундаки менга ўзим билан олиб келган Қуръон китобини беришмаяпти. Мен қамоқхонага киришимдан аввал ўз устимда ишлаш бўйича қиладиган ишларим рўйхатини тузиб бергандим. Уларда Қуръонни ўқиб ўрганиш ва Пайғамбарнинг (Муҳаммад с.а.в — тарж.) суннатларини ўрганиш бўлган. Китоб ўқиш учун судлашиш керак бўлса, судлашаман ҳам. Нима, энди ўзим билан олиб келган Қуръонни ҳам ўқий олмайманми? Очлик эълон қилганимнинг 13-кунида кайфиятим файласуфона бўлиб турган бир вақтда-я...», деган Навальний.

Унинг айтишича, қамоқхонага ўзи билан бир дунё китоб олиб келган ва яна қўшимча китоблар буюртма қилган. Уларни эса экстремизм бўйича текшириш 3 ойдан буён давом этмоқда.

Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний феврал ойида Ив Роше иши бўйича озодликдан маҳрум қилинганди. Август ойида заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган сиёсатчи даволанишни Германияда давом эттирган ва Россияга қайтган кунидаёқ қўлга олинган. 31 март куни сиёсатчи олдига шифокорни киритишмагани учун очлик эълон қилганди.

Маълум бўлишича, бугун 13 апрел куни унинг олдига хотинининг киришига рухсат берилган. Юлия Навальная сиёсатчининг жуда озиб кетганини айтган.

Top