18:32 / 20.04.2021
25620
Тошкентда 8 ёшли бола устига арғимчоқ устуни қулаши оқибатида вафот этди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Facebook / Виктор Топчий

Ҳодиса 2021 йилнинг 17 апрел куни Тошкент шаҳри Бектемир тумани «Сувсоз» даҳасидаги болалар майдончасида содир бўлган.

Шу куни «Сувсоз-1» даҳасидаги 1, 2 ва 3-уйлар ҳовлисида жойлашган болалар майдончаларини таъмирлаш ишлари олиб борилган. Марҳум боланинг отаси томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатда туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан тегишли эҳтиёт чоралари кўрилмагани натижасида фожиа рўй бергани айтилган. Унинг сўзларига кўра, атрофи ўралмаган таъмирлаш жойида хавфсизлик ва тартибни назорат қилиб турувчи шахс бўлмаган. Натижада исталган бола таъмирлаш ишлари олиб борилаётган майдончага кириши мумкин бўлган.

Фото: Facebook / Виктор Топчий

«Кенжа фарзандим эндигина саккиз ёшга тўлганди. У уйимиз ёнидаги болалар майдончасида ўйнаётганди. Қулаб тушган аттракцион ерга етарлича мустаҳкамланмаган экан. Атрофида ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Болам ушбу аттракцион ёнига борганда арғимчоқ устуни унинг устига қулаб тушади ва у уч сонияда жон беради.

Тушунаман, бу ердаги таъмирлаш ишлари ҳаммаси фарзандларимиз учун қилиняпти. Лекин бу ишлар умуман хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Ҳудуд тегишли меъёрлар асосида тўсилмаган. Бунинг оқибатида мана шу фожиа юз берди.

Болалар майдончамиз эски бўлгани учун икки ҳафталар олдин янгидан таъмирланган эди. Таъмирлаш ишлари тугагандан кейинги кунларда ҳам, фарзандим бу ерда ўйнаб юрарди, ҳалок бўлган куни ҳам ҳеч ким бизга болалар майдончаси ҳали тайёр эмаслиги ёки ободонлаштириш ишлари якунига етмагани ҳақида огоҳлантиргани йўқ», дейди марҳумнинг отаси.

Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур иш Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан тергов қилинмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Ирина Сайфуддинованинг билдиришича, 8 ёшли боланинг ўлими ҳолати юзасидан Бектемир тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига олиб келса) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Бундан ташқари, рўй берган ҳолат юзасидан қатор экспертизалар, шу жумладан, суд тиббий ва суд қурилиш-техник экспертизалари тайинлаган. Айни пайтда тергов давом этмоқда», дейди у.

Top