19:04 / 23.04.2021
2493
Шавкат Мирзиёев электр тармоқлари корхонасининг инновацион марказини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фаолияти билан танишди.

Электр энергияси аҳоли учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам энг керакли манбалардан бири. Унинг барқарор таъминоти учун эса аниқ ҳисоб-китоб, замонавий технологиялар зарур. Шу мақсадда ҳар бир уй, корхона ва муассасага электрон ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича жами 6 миллион 578 мингдан ортиқ истеъмолчи шундай ускуналар билан таъминланган.

Ушбу инновацион марказ мижозларга замонавий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. 20 миллион долларлик мазкур лойиҳа Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан ҳамкорликда қурилган ва 2020 йил августда ишга туширилган. Марказга катта сиғимли серверлар ўрнатилган. Дастурий таъминот 8 миллион истеъмолчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Шу модулни кенгайтириш орқали бу кўрсаткични 20 миллионгача етказиш имконияти бор.

Шунингдек, ҳудудлардаги электр таъминоти корхоналарида кичик “дата-центр”лар ташкил этилган ва мазкур марказ билан боғланган.

Буларнинг барчаси туман, шаҳар, вилоят ва республика кесимида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш, соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик балансларни тўғри шакллантириш, пировард натижада электр энергиясининг аниқ ҳисобини юритишга хизмат қилмоқда.

- Электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш осон, бу биринчи қадам. Энг қийини энди бошланади. Ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ҳисоблагичларни эксплуатация қиладиган профессионаллар етарлими? Иккинчидан, тизим ташқи таъсирларга қай даражада чидамли? Учинчидан, кейинчалик тармоқ эскириши туфайли юзага келадиган ҳолатлар ҳисоб-китоб қилинганми? Шуларни ҳозирдан ўйлаш керак. Тушумларнинг маълум бир фоизини илмга, модернизацияга йўналтириш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бутун мамлакатимиз бўйича ушбу автоматлашган тизимга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, мутахассисларни ўқитадиган ва қайта тайёрлайдиган марказлар ташкил этиш, ходимларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Электрон ҳисоблагичлар биллинг тизимига уланган бўлиб, қарздор истеъмолчилар автоматик тарзда тармоқдан узилади ва электр ҳақи тўлангандан кейин ёқилади. Инсон омили камайиб, ноқонуний уланишлар, коррупция ҳолатларига чек қўйилади. Марказда 100 дан ортиқ малакали мутахассислар ишламоқда.

Давлатимиз раҳбари улар билан суҳбатлашди, CAS дастурининг имкониятлари билан танишди.

Бу тизимда барча электр станциялари, нимстанциялар, трансформаторлар юкламаси ва унга уланган истеъмолчилар сони геолокация орқали яққол кўриниб туради. Ҳар бир ҳудудга бириктирилган мутахассислар онлайн режимда бутун мамлакатимиздаги ҳолатни кузатиб боради, зарур пайтда истеъмолчиларга тезкор хизмат кўрсатади.

Шу ерда Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари марказдаги ситуацион хонани ҳам кириб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида электрон ҳисоблагичли абонентлар қамровини 2021 йил якунигача 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Ҳозирда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига жами 7 миллион 418 мингдан зиёд истеъмолчини улаш режалаштирилган.

Top