22:37 / 25.04.2021
9511
«Манчестер Сити» «Тоттенҳэм»ни мағлуб этиб, Лига Кубогини қўлга киритди

Англия Лига Кубоги финалида «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» клублари ўзаро тўқнаш келишди.

Беллашувнинг 82-дақиқасида «шаҳарликлар» марказий ҳимоячиси Лапорт томонидан киритилган гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди. 

«Манчестер Сити» қаторасига 4-мавсумда ҳам Лига кубогини қўлга киритмоқда, жамоа Хосеп Гвардиолагача бўлган тарихида ҳам тўрт бор ушбу совринга эга чиққанди ва эндиликда бу турнирда ғолиб бўлиш бўйича «Ливерпуль»нинг рекорди такрорланди. Мерсисайдликлар ушбу кубокни сўнгги бор 2012 йилда қўлга киритган.

«Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола учун бу мураббийлик фаолиятидаги 30-совриндир – у 2008 йилда «Барселона»да бош мураббийлик фаолиятини бошлаганди. «Барса»да Пеп жами 247 ўйин ўтказиб, 14 соврин ютиб олган, «Бавария»да – 161 ўйин ва 7 соврин, «Сити»да эса – 285 ўйин, 9 соврин. У «Сити» билан икки марта АПЛ ғолиби бўлган, Англия Лигаси кубогида 4 ғалабага эришган, 1 марта Англия Кубогини, 2 марта Англия Суперкубогини қўлга киритган.

«Тоттенҳэм» кўп йиллардан буён умуман совринсиз қолмоқда, лондонликлар сўнгги марта 2008 йилда – айнан Англия Лигаси Кубогида зафар қучганди.

Англия Лига Кубоги. Финал
Манчестер Сити — Тоттенҳэм 1:0

25 апрель, «Уэмбли»
Гол: Лапорт (82).
Манчестер Сити — Стеффен, Уолкер, Лапорт, Диаш, Канселу, Фернандиньо (Родри, 84), Гундўған, Де Брюйне (Силва, 87), Маҳрез, Фоден, Стерлинг.
Тоттенҳэм — Льорис, Алдервейрелд, Регилон, Орье (Бергвейн, 90), Дайер, Ло Чельсо (Сиссоко, 67), Ҳёйбьерг (Алли, 84), Уинкс, Моура (Бэйл, 67), Сон, Кейн.

Top