10:25 / 26.04.2021
2154
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ўзгармоқда

Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)даги доимий вакили, элчи Абат Файзуллаев швейцариялик дипломат Пьер фон Аркс билан онлайн-мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Ўзбекистон доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, Швециянинг ЕХҲТдаги раислиги Пьер фон Арксни ЕХҲТнинг мамлакатдаги лойиҳалари координатори идорасининг янги раҳбари этиб тайинлади. Дипломат янги вазифасини бажаришга жорий йил май ойида киришади.

Ўзбекистон элчиси Пьер фон Арксни юқори лавозимга тайинлангани билан табриклади, унинг барча билим ва тажрибаси мамлакатнинг ЕХҲТ билан ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга ҳисса қўшишига умид билдирди.

Ўз навбатида, Пьер фон Аркс сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни, ЕХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги изчил ривожланиб бораётган муносабатларни юқори баҳолади.

У ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси раҳбари сифатида мамлакат ҳаётига жорий этилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар муваффақиятли амалга оширилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини изҳор қилди.

Пьер фон Аркс ЕХҲТнинг Бишкекдаги Дастур бюросига раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2006-2016 йилларда у Швейцариянинг ЕХҲТ ҳузуридаги миссиясида маслаҳатчи, сўнгра доимий вакил ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Канадалик Жон МакГрегор 2016 йил май ойидан бошлаб ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори сифатида ишлаб келаётганди. У ЕХҲТнинг Туркманистондаги миссияси раҳбари лавозимига тайинланди.

Top