16:14 / 27.04.2021
5646
Сингапур пандемияга энг яхши дош бераётган давлатлар рейтингида етакчига айланди
Фото: KUN.UZ

Bloomberg 2020 йил ноябр ойидан буён коронавирусга энг яхши дош бераётган давлатлар рейтингини юритиб келади. Сингапур пандемияга қарши энг яхши «туриб бераётган» давлатлар рўйхатида рейтинг тузилганидан буён етакчи бўлиб келган Янги Зеландияни ортда қолдириб, биринчи ўринга кўтарилди.

Ушбу рейтингга дунёнинг энг бой 53 та давлати киритилган. Уни тузишда мамлакатларнинг пандемиядан энг кам иқтисодий ва ижтимоий асоратсиз чиқишига эътибор берилади. Bloomberg 10 та параметрга кўра давлатлардаги ҳолатни таҳлил қилади. Хусусан, касалланганлар сони, ўлимлар сони, вакцинация жараёни ва одамларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги ҳам инобатга олинади.

Сингапур рейтингда илк марта биринчи ўринга кўтарилди. Бунга вакцинация жараёнининг тез ва тўғри ташкиллаштирилгани сабаб бўлган. Вакцинация бўйича етакчилардан бўлиб турган Исроил 4-ўринга кўтарилган. Рейтингнинг охирги поғоналарида Польша, Аргентина ва Бразилия қайд этилган.

Маълумот учун, 6 миллионга яқин аҳолиси бўлган Сингапурда ҳозиргача 61 минг кишида коронавирус аниқланган. Улардан 30 нафари ҳалок бўлган ва кўпчилик тузалган. Ҳозиргача сингапурликлардан 9,3 миллионга яқин коронавирусга тест олинган. Бу эса мамлакат аҳолисидан деярли 4 миллионта кўп дегани.

Ҳозиргача Сингапур аҳолисининг 23 фоизи коронавирусга қарши эмланган. 14 фоиз аҳоли эса иккинчи вакцинани ҳам олиб бўлган. Сингапурликлар Pfizer ва Moderna вакциналари билан бепул эмланмоқда. Вакцина олганидан кейин танасида нохуш аломатлар сезган сингапурликларга давлат томонидан 7,5 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўлаб берилади.

Top