17:11 / 01.05.2021
4656
Ҳужжатларда кўрсатилмаган ва бошқа код билан белгиланган 5 млрд сўмдан ортиқ товарлар аниқланди — божхона хабарлари

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой техник идораси” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан хориждан масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига темир йўл контейнерида келтирилган товарлар жамият вакиллари иштирокида божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, контейнерда ҳужжатларда кўрсатилмаган, умумий қиймати 3 млрд 452 млн сўмлик 181 минг 848та қўлқоп, 160 мингта зараркунандаларга қарши восита, 2 минг донадан ортиқ электрон тарози ҳамда 50 мингдан ортиқ бошқа хўжалик товарлари борлиги аниқланди.

Бошқа бир ҳолатда эса, хориждан келтирилган яна бир юк контейнери кўздан кечирилганда, ҳужжатларда кўрсатилмаган, қиймати 505 млн сўмлик 9 турдаги маиший буюмлар ва эҳтиёт қисмлар товарлари борлиги аниқланди.

Бундан ташқари, хориждан Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи жамиятлардан бирининг номига келтирилган 259 минг 200 дона “мевали салқин ичимликлар” божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, жамият вакиллари божхона юк декларациясида товарларнинг нетто вазнларини кам кўрсатганлиги, экспертиза хулосасига асосан товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси кодини божхона ставкалари паст бўлган товар кодлари асосида таснифланганлиги аниқланди.

Шунингдек, мазкур товарларнинг кўздан кечируви давомида ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилиниши лозим бўлса-да, уларнинг қадоғида ўзбек тилидаги маркировка мавжуд эмаслиги маълум бўлди. 

Қиймати 1 млрд. 166 млн. сўмлик мазкур ичимликлар ёрлиқланиши бўйича фойдаланишга яроқсиз эканлиги натижасида вақтинча сақловга олинди.
  
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Top