20:09 / 06.05.2021
12020
Ўзбек-тожик чегара постида «E-TIR» лойиҳаси ишга туширилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» чегара божхона постида «E-TIR» лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа туфайли чегарада инфраструктура ривожланиши ва тирбандликлар олди олиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 5 май куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ойбек» чегара божхона постида «E-TIR» лойиҳаси ишга туширилди. Бу ўзбек-тожик чегара постидаги «E-TIR» илк пилот лойиҳаси ҳисобланади.

Ишга тушган лойиҳа чегара божхона постлари ҳудудига яқин жойларда замонавий божхона терминалларининг қурилиши, чегара ўтказиш пунктлари ҳудуди атрофида инфраструктуранинг ривожланишига, автотранспорт воситалари тирбандликларининг олди олинишига, Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган товарлар устидан назорат механизмларининг оптималлашишига хизмат қилиши кутилмоқда.

«E-TIR» китобчаси – божхона мақсадларида фойдаланиладиган, товарларни автомобил транспортида халқаро ташиш учун мўлжалланган ва кафолат билан таъминланган халқаро юк-кузатув ҳужжати ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, ҳозирда Ўзбекистон Конвенцияга аъзо 77 та давлат ўртасида ТИР Карнет китобчаларидан энг кўп фойдаланадиган давлатлардан бири ҳисобланиб, бу борада 6 ўринни эгаллайди. Республика ҳудудида халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳар учинчи автомобил транспорти ТИР Карнет (E-TIR) китобчаси асосида ташувларни амалга оширади.

Ўзбекистондан илк маротаба «Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конверцияси»нинг Ижро этувчи кенгаши аъзолигига 2021-2022 йиллар учун Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабулов сайланганди.

Top