07:50 / 27.05.2021
8951
Тошкентда МИБ ходими қарийб 600 млн сўмни ўзлаштириб юборгани маълум бўлди

Тошкентда МИБ ходими икки йилда қарийб 600 млн сўмни ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабарида айтилган.

Қайд этилишича, 2019 йил январ ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ташаббуси билан Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси тизимида текшириш ўтказилган. 

Текширишда, МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси молия-хўжалик бўлими Депозит ҳисоб варақалари билан ишлаш гуруҳи Бектемир тумани бўйича етакчи мутахассиси М.У. 2017 йилдан 2019 йил феврал ойига қадар депозит ҳисобварағига келиб тушган жами 586,4 млн. сўм пул маблағларини талон-торож қилиб, ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 12 февраль куни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, иш айблов хулосаси билан судга юборилган. 

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи М.У. 2017 йилнинг январ ойидан 2019 йил феврал ойига қадар жами 47та ҳолатда суд ижро варақалари асосида келиб тушган пул маблағларини ўзига бириктирилган ва жавобгарлигида бўлган электрон калит ёрдамида АТБ “Infin bank” Сергели филиали ва АТИБ “Ипотека банк” Яшнобод филиалининг “Е-bank” тизимига уланиб, электрон тўлов топшириқномаларига суд ижро ҳужжатлари асосида сохта маълумотлар киритиш йўли билан турли фуқароларнинг номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ҳисобига ўтказиб, ижро ишлари бўйича қарздорлар томонидан тўланган 596 782 195 сўм пулларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Бектемир тумани судининг 05.07.2019 йилдаги ҳукмига кўра, М.У. ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят оқибатида етказилган 596 782 195 сўм моддий зарар тўлиқ қопланган.

Top