02:14 / 30.05.2021
14464
«Челси» «Манчестер Сити»ни мағлуб этиб, Чемпионлар лигаси ғолибига айланди
Фото: Twitter/ChampionsLeague

Португалиядаги «Драгау» стадионида ўтган Чемпионлар лигаси финал баҳси якунига етди. Англиянинг «Манчестер Сити» ва «Челси» клублари ўртасида кечган ҳал қилувчи тўқнашувда Лондон клуби Манчестер жамоасини мағлуб этди.

Финал баҳсида «аристократлар» «шаҳарликлар»дан тажриба бобида нисбатан устунроқ эканликларини кўрсатишди. Ҳар қалай ушбу финал лондонликлар учун ЕЧЛ тарихидаги учинчиси, манчестерликлар учун эса биринчиси эди. Қолаверса, Томас Тухель сўнгги марта бир йил аввал финал атмосферасини туйган бўлса, Гвардиола ЕЧЛ финалига чиққанига 10 йил бўлган эди.

Биринчи бўлимнинг бошида Тимо Вернер икки марта голли вазиятга эга бўлди, «Сити»да айтарли хавфли вазият кузатилгани йўқ. Ниҳоят, биринчи бўлимдаги ўйиннинг боришини 42-дақиқада Ҳаверц таблодаги ҳисобда акс эттириб қўйди. Маунтнинг майдон марказидан етказган узатмасига улгурган Кай Эдерсонни доғда қолдириб, ҳисобни очди – 0:1.

Иккинчи бўлимда ҳам Тухель шогирдлари ўйиндаги устунликни бой беришмади. Гвардиола Фернандиньо, Жезус ва клубдаги сўнгги ўйинини ўтказган Агуэрони майдонга тушириб, вазиятни ўнглашга интилди, бироқ «Челси» ўйин якунига қадар натижани сақлаб қолди.

Натижада, Лондон клуби «Сити»га қарши жорий йилдаги ўзаро сўнгги учинчи ўйинида ҳам рақибидан устунлик қилиб, Чемпионлар лигаси ғолибига айланди. «Челси» 9 йилликдан танаффусдан кейин ЕЧЛ бош совринига эга чиқди.

ЕЧЛ. Финал. 29 май (шанба)
«Манчестер Сити» - «Челси» 0:1 

Португалия, «Драгау» стадиони, 16 500 томошабин.
Гол: 0:1 – 42 Ҳавертц.

«Манчестер Сити» – Эдерсон, Стоунз, Рубен Диаш, Уокер, Зинченко, Фоден, Бернарду Силва (Фернандиньо, 64), Стерлинг (Агуэро, 77), де Брюйне (Габриэл Жезус, 60), Марез, Гундўған.
«Челси» – Менди, Чилуэлл, Жеймс, Рюдигер, Аспиликуэта, Маунт (Ковачич, 80), Жоржиньо, Ҳавертц, Канте, Тиаго Силва (Кристенсен, 39), Вернер (Пулишич, 66).
Огоҳлантиришлар: Гундўған (34), Рюдигер (57), Габриэл Жезус (88).

Top