20:48 / 03.06.2021
8104
10 000 қалбаки АҚШ долларини олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди

Божхона қўмитаси Ўзбекистонга катта миқдорда қалбаки валюталар олиб кирилишининг олдини олди. Серияли амалиётлар натижасида қалбаки валюталарни олиб кириш билан шуғулланган гуруҳ ушланган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

“Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан республика ҳудудига ҳаво йўллари орқали қалбаки валюталарни олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Жумладан, пойтахт аэропортида "Истамбул-Олма-ота-Тошкент" йўналиши бўйича учиб келган йўловчилардан бири божхона назоратидан яшил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, божхона ходимларининг диққатини тортган. Шундан сўнг, ушбу шахснинг юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, багаждаги сочиқлар орасида 5000 АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюта борлиги аниқланган.

Мазкур валюталарнинг ҳақиқийлиги махсус қурилмалар асосида текширилганда, бир қарашда ҳақиқийдек кўринган купюралар қалбаки бўлиб чиққан. Буни уларнинг аксаридаги серия рақамлари бир хиллиги ҳам тасдиқлаган.

 Божхоначилар тезкор тадбирни давом эттиришга қарор қилиши оқибатида қалбаки валюталарни етказувчилар ҳамда қалбаки валюталарни қабул қилиб олувчи ҳам аниқланган. Махсус амалиёт халқаро аэропорт автотураргоҳида ва Яшнобод туманида давом эттирилиб, мазкур қалбаки валюталарни қабул қилиб, эгасига етказиши лозим бўлган шахслар ҳам кетма-кет қўлга олинган.

Етказувчилардан бирининг бошқарувидаги “Ласетти” русумидаги автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида олд йўловчи ўриндиғи остида сохта 5000 АҚШ доллари борлиги аниқланган.

Тошкентнинг Юнусобод туманида давом эттирилган тезкор тадбирда эса, мазкур қалбаки валюталарнинг буюртмачиси уларни қабул қилиб олаётган вақтда фош қилинган.

Ҳозирда сохта долларлар ашёвий далил сифатида олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дейилади хабарда.

Top