10:22 / 12.06.2021
13618
Буюк Британия визаси, унинг турлари, олиш тартиби ва 2021 йилдаги асосий ўзгаришлар

UzbekLife хорижий мамлакатлар визалари ҳақидаги туркум мақолаларни давом эттиради. Мазкур мақола орқали сиз Буюк Британия мамлакати визаси, унинг турлари, олиш тартиби ва 2021 йилдан киритилган ўзгаришлар ҳақида маълумотга эга бўласиз.

 Таъкидлаш жоизки, Буюк Британия визасини олиш бироз мураккаб. Айниқса, 2020 йилда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши (Brexit) ҳамда COVID-19 пандемияси виза олиш жараёнини янада қийинлаштирди. 

Сўнгги янгиликларга келсак, ҳозирда Буюк Британия пандемия сабабли бошланган учинчи локдаундан босқичма-босқич чиқиш жараёнида турибди. Мамлакатда дўконлар, сартарошхоналар, кўнгилочар марказлар, ресторанлар очилган, тўйлар меҳмонлар сони чекланган ҳолда ўтказилмоқда. Англия ва Уэльс ўртасидаги «чегара»лар ҳам очилган.

Бироқ Англия меҳмонлар учун доимгидек очиқ, фақатгина тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар сони аввалгига қараганда бироз ортган.

Буюк Британия виза турлари:

Ташриф мақсадига кўра, Буюк Британия визаси бошқа давлат фуқароларига қуйидаги турларда берилиши мумкин:

1.      Меҳнат визаси: мамлакат ҳудудида расмий меҳнат фаолиятини олиб бориш учун;

2.      Бизнес визаси: турли хил расмий ташрифлар, илмий-амалий конференциялар, бизнес учрашувлар ва шунга ўхшаш қисқа муддатли сафарлар учун;

3.      Таълим визаси: Буюк Британия ҳудудида жойлашган таълим муассасаларида таълим олиш учун;

4.      Оилавий ҳамда меҳмонга бориш визаси: яқин қариндошлар, дўстлар билан кўришиш учун;

5.      Вақтинчалик яшаш визаси: маълум муддатга виза йиғимларини тўлаган ҳолда Буюк Британияда вақтинчалик яшаш учун;

6.      Транзит визаси: Буюк Британия орқали маълум йўналишда парвоз қилаётган фуқаролар учун (48 соатгача мамлакатда бўлишига рухсат беради).

Буюк Британия визасини олиш учун қандай ҳужжатлар зарур?

Виза офицерига тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳар бир виза тури учун турлича бўлиб, ушбу рўйхат маълумотномалар, сертификатлар, гувоҳномаларни ўз ичига олиши мумкин. Мазкур ҳужжатлар асосан икки турга, асосий ҳужжатлар ва иккинчи даражали ҳужжатларга бўлинади. Биринчи турдаги ҳужжатлар барчадан бирдек сўралса, иккинчи турдаги ҳужжатларнинг тақдим этилиши виза офицери қарори ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилади.

ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ!

2021 йилнинг 18 январидан эътиборан Буюк Британияга кириш учун янги қоидалар кучга кирди. Эндиликда мамлакатга келувчилар COVID-19 тестидан ўтиши ва тест жавоби манфий бўлиши шарт. Эътиборга олиш жоизки, тест парвоздан кўпи билан 72 соат аввал олинган бўлиши зарур. Агарда тест натижаси мавжуд бўлмаса, сизни рейсга қўйишмайди ёки у ерга етиб борганингизда 500 фунт стерлинггача жарима солинишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, пандемия сабабли ташриф буюрувчилар 10 кунлик карантинда қолиши белгиланган.

Шунингдек, парвоздан 48 соат аввал Passenger Locator Form бланкасини (унда ташриф буюрувчи карантин вақтида қайси меҳмонхонада қолиши ёзилади) тўлдиришингиз керак. Мамлакатга келгач 2 ва 8 кунларида COVID-19 тести топшириш учун аввалдан брон қилиш шарт.

2021йилда инглиз визаси учун тақдим этиладиган 5 та асосий ҳужжат:

1.    Хорижга чиқиш паспорти. Паспорт амал қилиш муддати сафарингизнинг сўнгги кунига қадар етиши зарур. Агарда унинг амал қилиш муддати тугаётган бўлса, унда янги хорижга чиқиш паспорти олиш билан шуғулланишнинг айни пайти.

2.    Буюк Британия визасини олиш учун анкета тўлдириш. Мазкур анкета элчихона ёки иммиграция хизмати сайтида онлайн тартибда инглиз тилида тўлдирилади. Эътибор қилинг, анкетадаги саволлар доимий янгиланиб туради. Ушбу анкета сифатли тўлдирилиши аввал инглиз тилини билиш даражангизга боғлиқ. Агарда тил билишингиз етарли даражада бўлмаса, тил биладиган танишингиз орқали тўлдирганингиз маъқул.

3.    Иш жойингиздан лавозимингиз ва йиллик даромадингиз кўрсатилган маълумотнома ёки ўқиш жойингиздан ҳужжат. Мазкур ҳужжатлар орқали аризачи ўз давлати билан боғлиқлигини тасдиқлаб ва ўз юртига қайтиб кетишини кафолатлайди.

4.    Банк томонидан маълумотнома. Сафар қилувчи шахснинг тўлов қобилияти ҳақида банк томонидан расмий маълумотнома тақдим қилиниши шарт. Мазкур бандга диққат билан ёндашиш лозим. Чунки молиявий ҳужжатларига виза офицерлари алоҳида эътибор беради. Айнан ушбу ҳужжатдаги маълумотлар анкетадагилари билан мос келиши зарур.

5.    Тиббий суғурта. Ушбу ҳужжат сафар вақтида юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий бахтсиз ҳодисалардан шахсни суғурталашга қаратилган.

Шунингдек, ҳужжатлар тақдим қилиш пайтида қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратиш тавсия қилинади:

— Ҳужжатда кўрсатилган умумий сумма, мамлакатда яшаш давомидаги харажатлар учун етарли бўлиши шарт;

Банк томонидан тасдиқланган даромад ҳақидаги маълумот режалаштирилган саёҳат харажатларига зид келмаслиги зарур;

— Сафар учун режалаштирилган умумий маблағ, расман тасдиқланган бўлиши керак;

— Ҳисобдаги маблағ маълум муддат давомида аста-секин тўпланиши керак. Қисқа муддат ичида ҳисобрақамда йирик маблағ пайдо бўлиши келгусида виза офицери томонидан виза берилмаслигига сабаб бўлиши мумкин;

Йиғилган маблағ расман тасдиқланган даромадга мувофиқ бўлиши лозим.

Ёдда тутинг! Сохта ҳужжатлар тақдим қилиниши мамлакатга киришга 10 йиллик тақиқ қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.

  Асосий зарурий ҳужжатлар рўйхатига фотосурат киритилмагани сабаби виза марказига ташриф чоғида бевосита биометрик маълумотлар билан биргаликда марказ ходими томонидан фотосурат ҳам олинади.

Буюк Британия визаси учун тақдим қилинадиган қўшимча ҳужжатлар

 Юқорида таъкидлаганимиздек, асосий зарурий ҳужжатлардан ташқари, виза учун тақдим қилинадиган қўшимча ҳужжатлар ҳам мавжуд. Мазкур ҳужжатлар тақдим этилиши мажбурий эмас, бироқ улар виза олинишида ижобий рол ўйнайди.

Улар қуйидагилар:

— Сафар давомида яшаш учун меҳмонхона брон қилинганини тасдиқловчи ҳужжат;

Талабалик визаси учун Буюк Британия ОТМларига ўқишга қабул қилинганини тасдиқловчи CAS – Confirmation of Acceptance for Studies гувоҳномаси ва инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи тест натижаси;

Иш учун бораётганлар учун – расмий ишга таклиф қилингани тўғрисидаги CoS (Certificateof Sponsorship) сертификат;

— Бизнес-визаси учун конференцияга рўйхатдан ўтгани тўғрисида ёки бизнес ҳамкорлар томонидан таклифнома;

— Меҳмонга бориш визаси учун қариндошларингиз ёки танишларингиз томонидан юборилган таклифнома;

Агарда сафарга фарзандингиз билан бораётган бўлсангиз, унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, агарда бошқа бировнинг фарзанди билан бўлса, унинг ота-онаси томонидан берилган расмий тасдиқланган ишончнома.

Қўшимча маълумотларни расмий сайт орқали олишингиз мумкин.

Унутманг! Топширилаётган барча ҳужжатлар инглиз тилига таржима қилиниб, ваколатли орган томонидан расман тасдиқланган бўлиши шарт.

Аслиддин Аннаев,

UzbekLife колумнисти

Top