10:50 / 13.06.2021
7868
АҚШда 400 миллиард доллар қийматидаги ишсизлик нафақаси ўғирланган — Axios

АҚШда коронавирус пандемияси шароитида аҳолига ишсизлик бўйича тўланган нафақаларнинг 50 фоизга яқини жиноятчилар чўнтагига тушган бўлиши мумкин. Axios нашрининг экспертларга таяниб хабар беришича, гап 400 млрд доллар ҳақида бормоқда.  

Нафақалар билан содир этиладиган фирибгарликларга қарши кураш хизмати ID.me бош директори Блейк Холлнинг фикрича, ҳукумат тўлаган барча нафақадан ярми – 400 млрд доллари ўғирланган.

LexisNexis Risk Solutions бош директори Хейвуд Талковнинг таъкидлашича, ўғирланган маблағдан 70 фоизи хорижга олиб чиқиб кетилган ва Хитой, Нигерия, Россия ва бошқа давлатлардаги жиноий гуруҳлар, қолган 30 фоизи эса АҚШдаги кўча тўдалари қўлига тушган.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ ҳукумати ишсизлик бўйича нафақа олишга аризалар беришда фирибгарликлар юз бериши муқаррарлигини билган. Бироқ ҳукумат пандемия вақтида муҳтожларга пул бериш ҳар бир аризани текшириб ўтиришдан муҳимроқ деб ҳисоблаган. Шу билан бирга, ўғирланган сумманинг кўплиги ва улар хорижий жиноий гуруҳлар қўлига тушгани миллий хавфсизлик масаласи ҳисобланади.

Оқ уйда фирибгарлик муаммоси борлиги тасдиқланган. «Ишсизлик бўйича давлат тўловлари билан кенг тарқалган фирибгарлик аввалги маъмуриятдан бизга ‘мерос бўлиб қолган’ жиддий муаммолардан биридир», деб айтган Жо Байден маъмуриятидаги иқтисодчи Жин Сперлинг.

Axios маълумотларига кўра, жиноятчилар нафақа олишда америкаликларнинг ўғирланган шахсий маълумотларидан фойдаланади. Бундан ташқари, мамлакат ичидаги жиноий тўдалар оддий фуқароларни қўрқитиш ёки алдаш йўли билан ўзлари ҳақидаги шахсий маълумотларни беришга мажбур қилади. Сўнгра ушбу маълумотлар ёрдамида нафақа олиш учун аризалар расмийлаштирилади. Қўлга киритилган пуллар эса аксарият ҳолларда криптовалюта кўринишида хорижга чиқарилади.

Top