20:58 / 26.06.2021
5270
Австралиянинг энг йирик шаҳрида биринчи марта локдаун киритилди

Австралиянинг энг йирик шаҳри Сиднейда коронавирус тарқалиши авж олгани сабабли 2 ҳафтага карантин жорий этилди. Аҳолиси 5 млндан ошадиган шаҳарда пандемия бошидан бери биринчи марта шундай қарор қабул қилинди.

Фото: Getty Images

Шунингдек, шаҳарга яқин ҳудудлар ҳам ёпилади. Маҳаллий аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон харид қилиш, шифокор ҳузурига бориш, спорт билан шуғулланиш ва ўқиш ҳамда ишга бориш учунгина уйларини тарк этишга рухсат берилади.

Карантин киритилиши ҳақида Сидней жойлашган Янги Жанубий Уэльс штати бош вазири Глэдис Бережиклян эълон қилган. Локдаун, шунингдек, Вуллонгонг шаҳри, Сентрал-Кост тумани ва Мовий тоғлар ҳудудида ҳам амал қилади. Чекловлар 9 июлга қадар давом этади.

Карантин вақтида дўконлар, дорихоналар, банк ва АЁҚШлар одатий тартибда, кафе ва ресторанлар фақат таомларни етказишга ишлайди. Муҳимлиги бўйича иккинчи даражали ташкилотлар масофадан ишлашга ўтказилади. Тунги клублар, дискотека ва концерт майдонлари ёпиқ бўлади, диний маросимлар иштирокчилари сони чекланади.

Шунингдек, кўчада ниқоб тақиб юриш шарт қилиб қўйилди, бир жойда 5 кишидан кўпроқ йиғилиш тақиқланди. Сиднейдан бошқа жойга борувчилар коронавирусга тест топшириб, ўзларини яккалашлари керак бўлади.

Top