19:18 / 19.07.2021
2830
Ўзбекистоннинг 6 ойдаги ташқи савдоси 13,6 фоизга кўпайди

Статистика қўмитаси 2021 йилнинг олти ойидаги ташқи савдо статистикасини эълон қилди. Рақамлар 2021 йилда ташқи савдо пандемия даврига нисбатан тикланаётганини кўрсатади.

2021 йилнинг январ-июн ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдоси 18 012,8 млн AҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2 150,3 млн AҚШ долларига ёки 13,6 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан экспорт 12,3 фоизга ўсиб, 7 055,5 млн долларга, импорт эса 14,3 фоизга ошиб, 10 957,4 долларга етган. 

2021 йилнинг 6 ойида 1 386,5 млн сўмлик олтин экспорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос давига нисбатан 738,1 млн долларга камроқ дегани.

Июн ойида қарийб 200 млн долларлик олтин сотилган. 

Экспорт таркибида саноат товарлари (28,8 фоиз), олтин (19,7 фоиз) ва хизматлар (16,1 фоиз) экспорти асосий улушга эгалигини кўриш мумкин.

Жорий йилнинг январ-май ойларида мамлакатнинг экспортёрлари сони 4 885 тани ташкил этиб, (2020 йилнинг мос даврига нисбатан) 36,4 фоизга кўпайди. Улар томонидан 5 669,0 млн. AҚШ доллари қийматидаги  товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси юқори бўлган мамлакатлар рўйхатида яна Хитой етакчилик қилмоқда. Хитой Ўзбекистон ташқи савдосидаги биринчиликни узоқ вақтдан бери ушлаб турганини таъкидлаш мумкин.

Шунингдек, расмий статистика Ўзбекистоннинг Россия, Қозоғистон, Туркия, Корея, Қирғизистон, Aфғонистон, Германия, Туркманистон ва Украина билан ташқи савдо айланмаси юқорилигини кўрсатмоқда.

Республика ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 38,6 фоиз улуш билан 6 946,6 млн. AҚШ долларини, энг қуйи улушни эса Жиззах вилояти 1,1 фоиз улуш билан 202,7 млн. AҚШ долларини ташкил этди.

Aввалроқ, жорий йилнинг 4 ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 378 миллион долларга камайгани хабар қилинганди.

Top