16:22 / 27.07.2021
4229
Капитал бозорини ривожлантириш департаментига директор тайинланди

Сарвар Аҳмедов Молия вазирлиги Капитал бозорини ривожлантириш департаменти директори лавозимига тайинланди.

С.Аҳмедов 1985 йилда Хоразм вилояти Хонқа туманида туғилган. Маълумоти олий, 2005 йилда Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетини (бакалавр), 2008 йилда Манчестер Университетини (Буюк Британия), 2019 йилда Миллий тадқиқот Университетининг Иқтисодиёт олий мактабини (Россия) тамомлаган.

У ўз меҳнат фаолиятини 2008 йилда «Goldman Sachs International» (Лондон) валюта операциялари департаменти ходими сифатида бошлаган.

2011-2014 йилларда «Goldman Sachs International» (Лондон) валюта ва бошқа молиявий деривативлар операциялари департаментида етакчи ходим, 2014-2016 йилларда молиявий деривативлар операциялари департаменти бўлим бошлиғи, вице-президент лавозимларида фаолият юритган.

2016-2019 йилларда «Goldman Sachs International» МЧЖда (Москва) молиявий инструментлар ва ғазначилик операциялари департаменти вице-президенти бўлган.

2019-2021 йилларда Молия вазирлиги Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи, Молия вазирлиги Ғазначилик бошлиғи ўринбосари ва 1- ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган

2021 йил 1 майдан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилди. Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан, қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти бўйича вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилди.

Тугатилган Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг жами 110 нафар штат бирлиги (шундан, 90 нафар бошқарув ходими) ҳисобидан Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимлари чекланган сони 54 нафардан (шундан, 16 нафар ҳудудларда фаолият кўрсатувчи марказий аппарат ходимлари) иборат Капитал бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Top