16:00 / 30.07.2021
6909
Евросиё мамлакатларини рақамлаштириш – умумий муаммо ва имкониятлар

Сўнгги йилларда рақамлаштириш масаласи ҳукуматлар учун ҳам, жамоатчилик учун ҳам энг муҳим мавзулардан бири бўлиб қолди. Дунёнинг барча мамлакатлари рақамлар “касаллигига чалинишди” ва ўзларини порлоқ келажакка олиб борадиган «рақамлаштириш» тезюрар поездига имкон қадар тезроқ чиқиб олишга интилишмоқда.

Евросиё минтақаси иқтисодиётидаги рақамли ривожланишнинг ҳозирги ҳолати сиёсий эркинлик омилининг кучлилигидан далолат беради. Евросиёнинг барча мамлакатларидаги рақамлаштириш бўйича лойиҳалар бевосита давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмоқа ва эҳтимол, бундай кўмаксиз улар анча секинроқ амалга оширилган бўлар эди. Албатта, рақамли иқтисодиёт бунданда тезроқ ривожланиши ва янада кўпроқ молиялаштирилиши мумкин эди дейиш мумкин, бироқ бу соҳада эришилган улкан ютуқлар, масалан, давлат хизматларини рақамлаштириш, ижтимоий объектларнинг Интернет тармоғига кенг уланиши ва аҳолининг рақамли салоҳиятини ошириш устида олиб борилган ишлар ҳам диққатга сазовор.

Кўп сонли миллий лойиҳалар яратилди, Евросиё мамлакатларининг рақамли ривожланишини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи кўплаб давлат қонунлари, ҳужжатлари ва фармонлари имзоланди. Баъзи давлатларда рақамлаштириш учун ажратилган бюджетлардан аллақачон фаол фойдаланилмоқда ва улар орқали юқори натижаларга эришилмоқда. Мамлакатлар, шунингдек, ўзларининг рақамли ривожланишига инвестицияларни жалб қилиш ва рақамлаштиришга сарфланадиган харажатларни ошириш имкониятларини кўриб чиқишмоқда ва хизматларни «рақамлаштириш» орқали ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишмоқда.

Евросиёдаги ҳар бир мамлакат ҳукумати электрон давлат хизматларига алоҳида эътибор қаратади. Жуда кўп хизматлардан мобил телефон орқали фойдаланиш мумкин. Ҳукуматлар онлайн тарзда давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнини янада қулай ва тушунишга осон қилиш учун турли соҳалар мутахассисларини жалб қилмоқда.

Сўнгги пайтларда катта эътибор қаратилаётган яна бир йўналиш бу – саноатни рақамлаштириш. Евросиё минтақасида бизнесни рақамлаштириш даражаси ривожланган мамлакатлар билан таққослаганда ҳали ҳам паст. Ушбу масала Евросиёнинг барча мамлакатларида ечимларни излаш ва тармоқларда «рақамлар»ни жорий этишни давом эттириш мақсадида батафсил муҳокама қилинади.

Иля Левчук. Huawei Евросиё компаниясида стратегик маркетинг департаменти
директорининг ўринбосари

Шу билан бирга, биз минтақага хос бўлган бир қатор қийинчиликларни ҳам кўришимиз мумкин, масалан, булардан бири географик (улкан ҳудудлар) ва бозор чекловлари билан боғлиқ АКТ инфратузилмасининг кам ривожланганлигидир. Шунингдек, Интернетга кириб бориш даражаси борасида ривожланган мамлакатлар ўртасида ким ўзар пойгалари бошланганлигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш керек. Ушбу мусобақада Евросиё мамлакатлари, афсуски, ҳали ҳам ривожланган мамлакатлардан анча ортда боришмоқда. Шуниси аниқки, келгусида оптик толали тармоқлар билан қамраб олиш даражаси юқори бўлган ёки ривожланган 5G тармоқларига эга мамлакатлар олдинда туради, чунки Интернетга кириш имконияти ва даражаси ЯИМ ҳажмининг ўсишига бевосита таъсир қилади. Мутахассислар шунингдек, турли хил молиявий чекловлар туфайли Евросиё мамлакатларида АКТ лойиҳаларининг етарлича молиялаштирилмаслиги хавфи мавжудлигини таъкидламоқдалар. Бундан ташқари, Евросиё мамлакатларида рақамли ривожланиш суръатларини чеклаши мумкин бўлган малакали кадрлар етишмаслиги муаммоси ҳам мавжуд.

Айни пайтда барча Евросиё мамлакатлари учун энг катта таҳдид – бу “рақамли узилиш”нинг бошқа томонида, Саноат 4.0 доирасидан ташқарида қолишдир. “Рақамли қуролланиш” пойгаси аллақачон бошланган ва киберхавфсизлик масалалари олий даражадаги учрашувлар ва саммитларда кун сайин тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда.

Бироқ, юқорида айтиб ўтилган барча чекловларни ҳисобга олган ҳолда, Евросиё мамлакатлари рақамлаштириш соҳасида, шубҳасиз, бир қатор имкониятларга эга:

  • Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш ва хорижий ҳамкорларнинг инвестицияларини жалб қилиш ҳисобига сезиларли ютуқларга эришиш мумкин. Шунингдек, Евросиё давлатлари ҳукуматлари ўзлари аллақачон яратган ривожланиш институтлари ҳақида унутиб қўймасликлари ва рақамли лойиҳаларга кўпроқ эътибор беришлари керак.
  • Евросиё мамлакатлари, шунингдек, АКТ инфратузилмасини кенгайтириш ва смартфонлар олиш имкониятини ошириш ҳисобига Интернетга кириб бориш даражасини жадал ошириш учун катта имкониятларга эга.
  • Евросиё минтақасида Европа билан солиштирганда нисбатан юқори билимга эга бўлган ёш аҳоли кўпчиликни ташкил этади. Одамлар рақамлаштиришнинг асосий ресурсидир. Рақамлаштиришнинг ўзи ҳар куни одамлар ақли ва қўли билан яратилмоқда ва бу жараёнга қанча кўп одамлар жалб қилинса, рақамли келажакка олиб борадиган йўл шу қадар қисқа ва тезкор бўлади.
  • Минтақадаги мамлакатлар реал иқтисодиётда рақамли технологияларни қўллашнинг фойдаланилмаган имкониятларини амалга оширишни бошлашлари мумкин. Бизни ўраб турган дунё ҳар куни ўзгармоқда, рақамли технологиялар эса ушбу ўзгаришларни янада тезлаштирмоқда.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаймизки, мамлакатларни рақамлаштириш бу узоқ муддатли, машаққатли ва ҳар куни қилиниши керак бўлган иш, аммо йўловчини йўл тоблайди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top