10:43 / 09.09.2021
16909
Шавкат Мирзиёев: «Кўп йиллар давомида амал қилиб келинган «давлат – жамият – инсон» тамойилини ўзгартирдик» 

"Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда", деди давлат раҳбари.

Қурултой кун тартибидаги асосий масала Шавкат Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш ҳисобланади. Тадбирни ЎзЛиДеп етакчиси Актам Хаитов очиб берди ва регламентни таништирди. Номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида маълумот берди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёевга сўз берилди.

“Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойилини ўзгартирдик. 

Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

Жамиятда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли  ва аҳамиятини оширишга қаратилган, тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. 

Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили ислоҳотларимиз моҳиятини ташкил этмоқда.

Шу тариқа, ўтган беш йилда кўплаб масалаларда янги билим, кўникма ва тажриба орттирдик. 

Албатта, барча йўналишларда ҳам ишларимиз бир текисда, силлиқ ва равон кетди, деб айта олмаймиз. Қатор соҳаларда айрим камчилик ва хатолар ҳам бўлди.

Лекин, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, барча ислоҳотларимиз, эзгу ҳаракатларимиз фақат ва фақат мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда демократия тамойиллари, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда”, деди давлат раҳбари.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top