14:37 / 11.09.2021
6443
«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарорига  асосан мамлакатимиз ҳудудида дастур асосида кўплаб қурилиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Дастурнинг мақсади қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш ҳисобланади.

Аҳоли учун ҳар тарафлама қулай, замонавий шароит яратиш қарорнинг асосий мақсади бўлиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан режа дастурлар ишлаб чиқилиб, катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Хоразм вилоятида ҳам ишлар қизғин. «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан вилоятда 2021 йил охиригача 730 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ўтказиш режалаштирилган бўлса, бугунги кун ҳолатига 402 км электр узатиш тармоқлари ўтказилган.

Биргина Хонқа тумани «Катта куч» маҳалласида дастур асосида 160 кВА лик 1 та, 250 кВА лик 2 та трансформатор ўрнатилди. Бундан ташқари 8 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари реконструкция қилиниб, 10-0,4 кВ лик 12,8 км узунликдаги замонавий СИП кабеллар ва ҳаво тармоқлари тортилди.

Эскирган ёғоч электр устунларининг 82 таси янги темир-бетон устунларга алмаштирилди.

– Маҳалламизда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан янги трансформаторлар ўрнатилди, замонавий симлар ўтказилди, эски электр устунлари ўрнига янгилари ўрнатилди. Олдинлари электр узилишидан жуда қийналар эдик. Бугунги кунда узилишлар умуман кузатилмайди. Амалга оширилган ишлардан маҳалламиз аҳли жуда хурсанд, - дейди «Катта куч» маҳалласида истиқомат қилаётган Тоживой Бойжонов.

Таъкидлаш жоизки, бундай самарали иш жараёнларида жамият ишчи-ходимлари айниқса, электрмонтёрлар меҳнати беқиёсдир. Кун-у тун, об-ҳавонинг қандайлигидан қатъи назар истеъмолчиларга электр энергиясини узлуксиз етказиш учун «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг барча ходимлари фидойи меҳнат қилмоқдалар.

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Top