09:53 / 15.09.2021
599
Қорақалпоғистондан қанча одам ишлаш учун чет элга кетолмагани маълум бўлди

Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистонда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган масала кенг муҳокама қилинган.

Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг ахбороти эшитилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Қорақалпоғистон бўйича 68 та бўш иш ўрни ярмаркалари ўтказилган. Унда 2 091 та корхона ва ташкилот 6 353 та бўш иш ўрни билан иштирок этган. Ушбу ярмаркаларга жами 2 977 нафар ишсиз жалб қилиниб, унда 1408 нафар иш излаб юрганларга доимий ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилган. 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида 2 315 нафар фуқаро чет давлатларга ишга жойлаштирилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 14,6 минг нафар ишсиз, ишлаш учун четга кетолмаган ва қайтиб келган фуқароларни меҳнат органлари йўлланмалари асосида давлат дастури доирасида яратилаётган ва доимий бўш иш ўринларига ишга жойлашишига кўмаклашилган.

Бундан ташқари, 14,2 минг иш билан банд бўлмаган аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган ва уларнинг иш ҳақи учун 8,3 млрд сўм маблағ тўлаб берилган.

Таъкидланишича, 2021 йилга белгиланган Давлат дастури доирасида ишсиз, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг 796 нафарига 3 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган. Бироқ жорий йилда субсидия бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил охирида Сенат раиси Танзила Норбоева Жўқарғи Кенгес депутатлари 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида қандай иш қилишини айтганди.

Top