19:05 / 18.09.2021
62908
Пахта етиштиришда дунё гигантлари. Ўзбекистон нечанчи ўринда?

5-6 йил аввал айни шу кунлар оммавий сафарбарлик бошланар, талаба-ю ўқитувчи, шифокор-у банкир пахта даласига «ихтиёрий отланарди». Мустақилликка қадар эса пахта териш мавсуми ҳақиқий фронтга айланган. Бутун республика салоҳияти 5-6 млн тонналик хирмон тўплашга қаратилар, энг яхши илм, барча кучлар фақат пахта ҳосилдорлигини оширишга йўналтириларди.

Ёши катталар яхши эслайди, пахта терими учун бозорлар беркитилиши, тўйлар тугул азалар ҳам тўхташи, барча ўқув масканлари ва аксарият ташкилотлар ёпилиши, қаҳратон қишгача ҳамма далада кезиши одатий ҳол бўлган. Кунлик пахта «сводка»лари энг муҳим ахборот ҳисобланар, ҳамма бу маълумотни қулоғини динг қилиб эшитарди. Ўша пайтларда ҳамманинг хаёлида Ўзбекистон дунёнинг пахта гиганти деган тушунча мустаҳкам ўрнашиб қолганди.

Лекин пахта ўзбек халқини қийнаб қўйгани, амалда аҳоли турмуш тарзини яхшиламаслиги кундай равшан эди. Қолаверса, шунча интилишларга, пахтани салкам «илоҳий ўсимлик» даражасига кўтаришга қарамай, Ўзбекистон иттифоқ даврида ҳам, кейин ҳам пахта етиштириш бўйича дунёда етакчи бўлмаган.

Умуман, дунё бўйича йилига ўртача 26-27 млн тонна пахта ҳосили олинади ва бу ҳосилнинг 60 фоизидан кўпроғи уч давлат ҳиссасига тўғри келади.

Хўш, қайси давлатлар бу борада илғор ва бунинг учун қандай омиллар рол ўйнаган?

Хитой

Дунё пахтасининг 25 фоизидан кўпроғи, яъни йилига тахминан 6,5 млн тонна пахта Хитойда етиштирилади. Бунинг учун 100 мингдан ортиқ фермерлар тер тўкади ва таъкидлаш жоизки, Хитой бу борада жуда қисқа вақт ичида юқори самарадорликка эриша олди. Яна бир муҳим жиҳат – Хитой пахта хомашёсини деярли экспорт қилмайди ва тўлиғича қайта ишлайди. Нафақат ўз пахтасини қайта ишлайди, балки хориждан ҳам фаол импорт қилади. Аммо ҳосилдорликни ошириш учун ерга кимёвий ишлов беришга зўр берилиши экологлар томонидан мунтазам танқид қилиб келинади. Ҳосилни йиғиш асосан машиналар орқали амалга оширилади.

Ҳиндистон

Бу давлат табиати ҳам пахта етиштириш учун қулай. Заминдорлар орасида ҳам пахтага қизиқиш баланд. Шу боис бу давлат ҳам йилига 6,3-6,4 млн тонна атрофида ҳосил олади ва баъзи йилларда ҳосилдорлик бўйича Хитойни ортда қолдириб, биринчиликка ҳам чиқиб туради. Ҳосилни йиғиштиришда машиналар билан бирга қўл меҳнатидан ҳам фойдаланилади. Катта ҳосил олинса-да, қайта ишлаш юқори даражада эмас, хорижга экспорт ҳажми баланд.

АҚШ

Америкада азалдан пахта етиштириб келинган. Ҳозир ҳам Техас, Флорида, Миссисипи, Калифорния, Аризона каби штатларда юқори ҳосил олинади. АҚШ фермерлари йилига ўртача 3,5 млн тонна пахта етиштиришлари бу давлатнинг гигантлар орасида учинчи ўринни эгаллашини таъминлайди. Бу давлатда ҳосил тўлиқ машиналар орқали йиғиб олинади ва чуқур қайта ишланади. Америка маданияти рамзига айланган жинси шимлар асосан маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Бундан ташқари, АҚШ пахта экспорти бўйича ҳам етакчи – йилига ўртача 1 млн тонна.

Покистон

Бу давлат табиати ҳам пахта етиштиришга мос ва фермерлар йилига ўртача 2,3-2,4 млн тонна ҳосил кўтарадилар. Покистон хомашё бўйича кучли тўртликка кириш билан бирга пахтани қайта ишлашда ҳам яхши натижаларга эришган. Покистонда маҳаллий пахтадан тайёрланган матолар ва либослар дунё бўйлаб жуда харидоргир.

Бразилия

Кучли бешликка йиллик ўртача 1,4 млн тонна ҳосилдорлик билан Бразилия якун ясайди. Бу давлатда ҳам пахтакорлик азалий анъана. Бир вақтлар «Канизак Изаура» сериали намойишида қулларнинг пахта теришини кўриб бежизга ҳайратланмаганмиз. Ўшанда кўпчилик хорижий давлатларда ҳам пахта терилишидан ҳайрон бўлган. Қизиғи, бу сериал ўзбек тилида намойиш этилганда қулларнинг пахта теришига оид саҳналар кесиб ташланган.

Бундан ташқари, Австралия, Туркия, Аргентина каби давлатларда ҳам кўп миқдорда пахта етиштирилади.

Хўш, Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича бугунги кунда дунёда 6-ўринда туради. Ҳозирги кунда республика бўйлаб ўртача 1,1-1,2 млн тонна пахта ҳосили олинади. Савол туғилиши мумкин: иттифоқ даврида 5-6 млн тонна ҳосил олинган экан, ўша пайтлар Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича етакчи бўлганми?

Аввало у пайтларда 5-6 млн тонналик хирмон билан мақтанилган бўлса-да, аслида бунча пахта етиштирилгани катта шубҳа остида бўлган. Қолаверса, АҚШ, Ҳиндистон каби давлатлар ҳосилдорлиги ҳозиргидан ҳам юқори эди. Шунингдек, маҳаллий қайта ишлаш деярли бўлмаган, пахта асосан хомашё шаклида сотилган.

Мустақилликдан сўнг аҳолининг ғаллага бўлган эҳтиёжини қондириш масаласи кун тартибига чиқди ва пахта майдонлари қисқариб, кўпроқ буғдой экила бошлади. Шундай бўлса-да, пахта яккаҳокимлиги сусаймади, айниқса терим пайтида сафарбарлик олдингидек эди.

Вақт ўтиб пахта йиғим-терими бўйича мажбурий меҳнатга узил-кесил чек қўйилди. Бугунги кунда фақат манфаатдорлик ортидан пахта терилмоқда. Қўпол қилиб айтганда, одамлар ёппасига пахта термаса ҳам, давлатнинг бир ери камайиб қолаётгани йўқ.

Аброр Зоҳидов

Top