22:08 / 22.09.2021
10580
«Насаф» Ҳиндистон клубини тор-мор этиб, ОФК кубоги минтақалараро финалчисига айланди

ОФК кубоги минтақалараро яримфинали доирасида Қаршининг «Насаф» клуби ўз майдонида Ҳиндистоннинг «Моҳун Баган» жамоасини қабул қилиб, турнирнинг минтақалараро финалига йўлланма олди.

Ўзбекистонда оммавий тадбирларга томошабинларнинг киришига рухсат этилганига қарамай, ОФК Қаршидаги учрашувда мухлисларнинг стадионга чекланган миқдорда киришига розилик берди. Шу боис ўйинга 6 минг дона чипта чиқарилди ва «Марказий» ўйингоҳдаги белгиланган трибуналар учрашувдан бир соат олдин мухлислар билан лиқ тўлди.

Учрашувни ҳужумкор бошлаган Рўзиқул Бердиев шогирдлари кутилганидек тезкор гол уриб, ҳисобни очишди. Суҳроб Нуруллоевнинг узатмасини ҳиндлар ўз дарвозаларига киритиб қўйишди – 1:0.

17, 20 ва 30-дақиқаларда эса қаршиликлар ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев ҳет-трикини расмийлаштириб, ўйиндаги ҳисобни йирик кўринишга келтирди – 4:0. Бу эса Норчаевни мусобақанинг энг яхши тўпурарига айлантирди.

Бўлим якунига яқин Ойбек Бозоров пенальтидан фойдалана олмаган бўлса-да, 45+1-дақиқада ўйиндан гол киритиб, хатосини тузатди – 5:0.

Йирик ҳисобли натижадан кейин мезбонлар иккинчи бўлимни хотиржам ўтказишди. Шунга қарамай, захирадан майдонга тушган Дониёр Нарзуллаев иккинчи бўлимдаги ягона, ўйиндаги 6-голни киритиб, учрашувга нуқта қўйди – 6:0.

Ушбу ғалаба билан «Насаф» ОФК кубогининг ҳудудий финалига йўлланма олди. Ҳал қилувчи финал босқичи йўлланмаси учун курашда «Насаф» Ҳонконгнинг «Ли Ман» жамоасига қарши тўп суради. Бир ўйиндан иборат баҳс 20 октябрь куни Қаршида ўтказилади.   
 
22 сентябрь (чоршанба)
ОФК кубоги. Минтақалараро яримфинал.
«Насаф» – «Моҳун Баган» (Ҳиндистон) - 6:0
Қарши, 6 000 томошабин.

Бош ҳакам: Ҳанна Ҳаттаб (Сурия).
Голлар: Суҳроб Нуруллоев 4, Ҳусайн Норчаев 17, 20, 30, Ойбек Бозоров 45+1, Дониёр Нарзуллаев 72.
«Насаф»: 1.Умиджон Эргашев, 4. Ҳусниддин Алиқулов, 8. Дилшод Саитов, 10. Баҳром Абдураҳимов ( 50.Шохмалик Комилов, 60), 19. Ҳусайн Норчаев (99.Андрия Калудерович, 46), 20. Суҳроб Нуруллоев (7.Дониёр Нарзуллаев, 60), 22. Акмал Мозговой, 34. Шерзод Насруллаев, 77.Ойбек Бозоров (28.Сардор Саъдуллаев, 75), 88.Марко Станоевич, 92.Умарбек Эшмуродов (5.Ғолиб Ғайбуллаев, 76). 
«Моҳун Баган»: 1. Амриндер Сингх, 6. Ашутош Меҳта, 7. Жон Кауко, 8. Карл Мжуг, 9.Давид Виллиамс, 11. Манвир Сингх (23. Раж Микеаладмаи, 68), 15. Субҳисеш Босе, 18. Сеҳ Соҳил (27.Листон Колако, 46), 20.Притам Котал, 21.Рой Кришна, 42. Ленни Родригез.

Top