09:27 / 24.09.2021
16460
Имомали Раҳмон афғон тожикларини Афғонистон бошқарувида иштирок этишга чақирди

Тожикистон президенти БМТ Бош ассамблеянинг 76-сессияси иштирокчиларига видеомурожаатида Афғонистонда афғон тожиклари иштирокида инклюзив ҳукумат шакллантиришга чақирди ва мамлакатда халқаро террорчилик тикланиши мумкинлигини айтди.  

“БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши минтақадаги ўзи шундоқ ҳам мураккаб геосиёсий жараённи янада мураккаблаштирди”, деб айтган ўз нутқида Раҳмон.

У “Толибон” инклюзив ҳукумат шакллантиришга берган ваъдасини бажармаганидан афсусланиш билдирди.

Тожикистон раҳбарининг таъкидлашича, афғон жамиятининг барча қатламлари иштирокидаги мулоқотгина Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

“Шу сабабли Афғонистон аҳолисининг 46 фоиздан кўпроғини ташкил қилувчи тожиклар бошқа этник гуруҳлар билан бир қаторда давлат бошқарувида муносиб ўрин эгаллаш ҳуқуқига эгалар”, деб таъкидлаб ўтган Раҳмон. 

У Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари, қотилликлар, талон-торожликлар ва халқнинг жабр-зулм кўришини қоралади ҳамда Панжшер вилоятида ҳақиқий гуманитар фалокат юзага келганини айтди.  

Раҳмон Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмоқчи эмаслигини айтиб, “Афғонистонда ҳокимият структурасини референдум йўли ва барча фуқаролар позицияларини ҳисобга олиб белгилаш”ни таклиф қилди.

Тожикистон раҳбари, шунингдек, Афғонистонда халқаро террорчилик тикланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Тинчликсевар афғон халқи бугунги кунда террорга тўқнаш келди. Биз бунда афғон халқининг айби йўқлигини, бу вазият ташқаридан ташкиллаштирилгани ва афғон халқига суқиштирилганини тушунишимиз керак. Турли террорчи гуруҳлар ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун мамлакатдаги беқарор ҳарбий-сиёсий вазиятдан фаол тарзда фойдаланмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Раҳмон.

“Биз Афғонистонда ИШИД, “Ал-Қоида” ва бошқа террорчи гуруҳларнинг минглаб аъзолари озод қилинишининг гувоҳи бўлдик. Биз Афғонистон бугунги кунда яна халқаро террорчилик шаклланиши майдончасига айланиш йўлида турганидан хавотирдамиз ва афсусдамиз”, деб қўшимча қилган Тожикистон президенти.

Унинг айтишича, Афғонистондаги жорий инқирозга АҚШнинг мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиш қарори сабаб ҳисобланади. У бу қарорни масъулиятсизлик деб атаган.

21 сентябрда “Толибон” ўз ҳукуматини шакллантиришни якунлагани маълум қилинди. Савдо вазири вазифасини бажарувчи лавозимига панжшерлик тадбиркор Ҳожи Нуриддин Азизий, унинг биринчи ўринбосари лавозимига боғлонлик тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Башир ва иккинчи ўринбосари лавозимига Сарипул вилоятидан тадбиркор Ҳожи Муҳаммад Азим Султонзода тайинланди. Шу тариқа толиблар ўз ҳукумати таркибига нафақат пуштунларни, балки бошқа миллий озчиликлар вакилларини ҳам қўшишга тайёрлигини намойиш қилган.

Top