17:40 / 29.09.2021
3829
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш даражаси ISO 37001:2016 халқаро сертификатига эга бўлди
Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Бугун пойтахтимизнинг Tashkent City Congress Hall саройида ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзусидаги Ўзбекистон иқтисодий форумида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўз тақдимоти билан иштирок этди.

Форум доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг кейинги беш йилда тизимда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, трансформация жараёнлари, иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган инглиз ва рус тилидаги тақдимоти ҳамда тарқатма материаллари форумнинг халқаро иштирокчилари ҳамда экспертларида катта қизиқиш ўйғотди.

Тақдимотда “Сert international” (Словакия) халқаро ташкилоти томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш даражаси ISO 37001:2016 халқаро сертификатини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Маълумки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, “Харид сиёсати”, операцион харажатларни мақбуллаштириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилгани ва ҳозирда амалиётга кенг жорий этилаётгани йиғилганлар эътиборини тортди. Шу билан бирга, корпоратив бошқарув тамойиллари халқаро стандартларга мослаштирилгани, тизимдаги ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффоф ва самарали тизими яратилгани, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмлари амалиётга жорий этилаётгани, соҳага замонавий ахборот технологиялари татбиқ этилиши орқали инсон омилини кескин қисқартиришга эришилаётгани қатор халқаро ташкилотларнинг ижобий аудиторлик хулосалари ва мувофиқлик сертификатларини олишга замин яратди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Жамият фаолиятида қатор ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, бу борадаги фаолиятни самарали ва таъсирли восита ҳамда усуллар асосида мунтазам ташкил қилиш мақсадида, Жамиятда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар доимий равишда, алоҳида режа асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бунга, Жамият ва унинг ҳудудий тузилмаларида Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизими жорий этилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Унинг асосий вазифаларига, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ҳамда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганиб чиқишдан иборат бўлиб, шу асосда тизимдаги мавжуд коррупцион ҳолатлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳамда муаммоларини аниқлашдан иборатдир.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартлар ISO 37001 –«Коррупцияга қарши бошқарув менежменти» сертификатига эга бўлиши  орқали чет эл ижобий тажрибаларини жорий этиш имконияти яратилади ва бошқа профилактик чораларга хизмат қилади.

Айтиш ўринлики, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ижро аппарати ISO 9001:2015 халқаро сифат менежменти тизими аудитидан муваффақиятли ўтиб, мувофиқлик стандартини ҳам қўлга киритган.

Тадбир сўнгида Жамият фаолиятига қизиқиш ҳамда келажакда ҳамкорлик қилиш истагини билдирган халқаро компания вакиллари ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти ўртасида ўзаро фикр алмашилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top