10:57 / 29.09.2021
17780
Вакцина олганлар коронавирус юқтиришда давом этиши нечоғлик рост?

Ижтимоий тармоқларда кўпинча мана шундай фикрлар ҳам янграб турибди: коронавирусга қарши вакцина олган инсон инфекцияни вакцина олмаган одамдек юқтиради ва тарқатади, шу сабаб бировнинг вакцина олганидан бошқаларга фойда нима?

Vichan Poti / Pacific Press / SIPA / Scanpix / LETA

Аслида эмланган киши инфекцияни вакцина олмаган одам сингари тарқатмайди асло. Бунинг аксини таъкидлаётганлар ўзларининг шахсий фикрларигагина таянишмоқда, бу фикрлар асосида ҳеч қандай назарий асос ёки далилловчи база йўқ.

Кўпинча ёшлар «менда COVIDга чалиниб касалхонага ётиш эҳтимоли шундоқ ҳам паст, вакцина мени коронавирус юқишидан, вакциналанмаганлар сингари инфекция тарқатишдан асрай олмас экан, унинг менга нима кераги бор?» қабилида фикрлашади.

Мана шу босқичда нотўғри фикр шаклланади: «сингари инфекция тарқатиш». Вакциналанмаганлар СИНГАРИ инфекция тарқатиш, дегани 100 нафар вакциналанган ва 100 нафар вакциналанмаган одам бир хилда вирус юқтириб олиши, бир хил вирус юкламаси — вирус концентрациясига эга бўлиши ва бир хил сондаги одамларга уни юқтиришини англатади.

Биз вирус тарқатишни камайтириш борасида вакцина томонидан ишлаб чиқилган иммунитет таъсир ўтказиши мумкин бўлган энг камида 4 босқичга эгамиз:

  • юқтиришнинг ўзи;
  • вирус юкламаси;
  • бир кишидан иккинчисига юқтириш остонаси;
  • касалланиш аломатлари.

Келинг, бу лаҳзаларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб кўрамиз.

Албатта, бу ўринда аслида жуда кўп бўлган далил-исботларни қалаштириб ташлаш ҳам мумкин, лекин оддий инсон буларнинг барчаси қандай кечиши, механизмни тушуниши мураккаб.

Лирик чекиниш тугади, энди моҳиятга ўтамиз.

1. Вакцинациянинг вирус юқтириш жараёнига таъсири

Вирус юқтириш жараёни ўзи қандай содир бўлади? Бошқа инсоннинг сўлак ва шиллиқ қаватларидан вирус аэрозол зарралари орқали бизнинг шиллиқ қаватимизга ўрнашади. Кейин вирус эпителиал ҳужайраларнинг ACE2 рецепторлари билан боғланиб, уларнинг ичига ёриб киради.

Шунинг учун бу жараённинг олдини олиши мумкин бўлган препаратлар ишлаб чиқилган. Хўш, вакцина қай тариқа бу жараёнга таъсир ўтказади?

Вакцина плазмада айланиб юрувчи IgG ишлаб чиқарилишини таъминлабгина қолмасдан, шиллиқ қават сиртига бориб ўрнашувчи IgA ишлаб чиқарилишини ҳам таъминлайди.

Улар нафас йўллари шиллиқ қаватининг юқори қисми, сўлакда пайдо бўлиб, ўша ердаёқ коронавирусга қарши кураша бошлайди ҳамда уларнинг ACE2 рецепторлари билан боғланиши ва ҳужайрага ёриб кириши эҳтимолини пасайтиради.

Мана бу тадқиқотда ковиддан соғайганлар ва вакцина олганларнинг шиллиқ қавати ҳамда сўлагида антитаначалар миқдорини ўлчаш натижалари келтирилган. Pfizer ва Moderna вакциналарининг икки дозасидан сўнг сўлакда SARS-CoV-2 коронавирусига қарши нейтраллаштирувчи фаолликка эга IgA топилади.

Мана бу ишда эса нейтраллаштирувчи IgA’нинг бурун ва танглай шиллиқ қаватидаги концентрацияси баҳоланган — бурун шиллиқ қаватида уларнинг миқдори оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватига нисбатан 15 баробар кўп бўлган, биз учун муҳими уларнинг қондан бошқа жойларда ҳам пайдо бўлиши.

Бу тадқиқотда эса Moderna вакцинасининг икки дозасидан сўнг шиллиқ қаватлардаги IgA даражаси ўлчанган — уларнинг шиллиқ қаватдаги миқдори вакциналашдан сўнг кўтарилиб, 6 ойдан сўнг пасайган.

Бу эса вакциналанганларнинг бурун, томоқ-танглай шиллиқ қаватлари ҳамда сўлагида нейтраллаштирувчи антитаначалар борлиги ҳақидаги фаразларимизга исботдир, яъни коронавирусга қарши улар вирус эпителиал ҳужайраларнинг ACE2 рецепторларига боғланиб, ёриб киришидан аввалроқ кураша бошлайди.

Албатта, вакциналанмаган ва ковид билан оғриб кўрмаган одамлар шиллиқ қаватларида бундай антитаначаларга эга эмас, шу сабабли уларга коронавирус юқса ҳужайраларга ҳеч бир тўсиқсиз ўтиб олади ва ўзи каби миллионлаб вирусларни фаол кўпайтиради.

Хўп, буни тушуниб олдик. Навбатдагисига ўтамиз.

2. SARS-CoV-2га қарши вакцинациянинг вирус репликациясига таъсири

Яъни коронавирус вакциналанган ва вакциналанмаган одамнинг организмида қандай кўпайишини ўрганиб кўрамиз. Чунки ҳар бир инсоннинг бошқа инсонларга қанча вирус заррачалари ажратиши айнан репликацияга боғлиқ.

Вакциналангандан сўнг сизда ўзига хос Т-ҳужайралар (ўша ҳужайравий иммунитет) пайдо бўлади. У дарҳол вирусни танийди, зарарланган ҳужайраларни ажратади ва уларни йўқ қила бошлайди, бу билан юқтириш онидан бошлаб коронавируснинг репликацион салоҳиятига зарба берилади.

Ҳали касал бўлиб кўрмаган вакциналанмаганлар бундай ҳужайраларга эга эмас, шу сабабли бундайлар вирус юқтирса иммун жавоб шакллангунга қадар — бу тахминан 5–8 кун дегани — вирус организмда истаган нарсасини қилади, яъни ўзига ўхшаган миллионлаб вирусларни нусхалайди ва ҳеч нарса уларни бу йўлдан тўхтата олмайди.

Буни тасдиқловчи маълумотлар ҳар бир вакциналар бўйича жуда кўп. Мана, масалан биттаси — вакцина олганларнинг 100 фоизида 10-кунга келиб T-ҳужайравий иммунитет ҳосил бўлади, айнан шу ҳужайралар вирусни йўқотиш билан тўғридан тўғри шуғулланади.

Иккинчи босқич тушунарли бўлди: вакциналанганлар ўзига хос Т-ҳужайраларга эга бўлади, бу ҳужайралар коронавирус ҳамда у зарарлаган ҳужайраларни аниқлаб, йўқотади ва уларга миллионлаб янги вирусларни яратиш имконини бермайди. Вакциналанмаган+касалликни кечирмаганларда бундай ҳужайра бўлмайди.

3. Вакцинациянинг бир инсондан иккинчисига юқтиришга таъсири

Бу пункт аввалгисига ҳам, кейингисига ҳам бироз ўхшаш, бироқ фарқли томонлари бор. Биринчи икки босқичдан маълум бўлдики, бизда бошқаларга юқтириш мумкин бўлган вирус зарралари сони камроқ бўлади.

Вирус ҳавода учиб бошқа инсонга юқишдан аввал қаерда бўлади? Албатта, юқори ва қуйи нафас йўлларида, оғиз бўшлиғида (Бежиз ниқоб тақинг дейилмаяпти).

Нафас йўлларидаги вируснинг юқори концентрацияси (вирус юкламаси) бу инсон бошқа қанча кишига вирус юқтиришига тўридан тўғри боғлиқ.

Мана бу тадқиқотда касаллик аломатларига эга инсонда бурун-томоқ бўшлиғида вирус юкламаси аломатларсиз инсондагига нисбатан 2 баробар кўп бўлиши тасдиқланган.

Тўсиқларга қарамасдан вирус юқтирган инсонларда вирус юкламаси вакциналанмасдан касалланганларга нисбатан камроқ бўлиши факти ҳам бунга исбот бўлади. Буни тушуниб олиш жуда муҳим: вакциналангандан сўнг касал бўлганлар ва вакциналанмасдан касал бўлганлар турлича сондаги инсонларга вирус юқтиришади.

Мисол учун, бу ерда вакциналанган ҳолида касал бўлганлар (ёриб ўтувчи инфекция) ва вакциналанмасдан касаллик юқтирганларга вирус концентрацияси таққоси. Вакциналанган касалларда бу кўрсаткич паст, яъни улар вакциналанмасдан касал бўлганларга нисбатан камроқ вирус зарралари ажратиб чиқаришади.

Агар у камроқ зарра ажратса, демак бир хил шароитларда камроқ сондаги одамларни зарарлайди.

Буни ҳам тушуниб олдик. Энди сўнгги босқичга ўтамиз.

4. Вакцинациянинг касаллик аломатларига таъсири

Бу нима учун муҳим? Коронавирус ковидга сабаб бўлади — ковид йўтал, нафас қисиши билан кечадиган касаллик, бу симптомлар эса вирус тарқалишига тўғридан тўғри таъсир ўтказади. Бу босқичда вакцина қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўрганамиз.

Бу ерда аслида ҳаммаси жуда оддий — вакциналанмаганлар вакциналанганларга нисбатан симптомли ковид билан 5 марта кўпроқ оғришади — бунга исботлар талайгина, турли давлатлардан real word data.

Ҳа, вакцинага қарши кишилар касаллик аломати бўй кўрсатган касаллар дарҳол изоляцияга олинади, улардан ҳамма чўчийди, симптомларсиз одамлар эса паст вирус юкламасига қарамасдан ҳамма ерда юраверишади, кўп одамлар билан учрашиб, алоқа қилишади, алалоқибатда улар кўпроқ инсонларга юқтиришлари мумкин, дейишади.

Аслида эса айнан симптомлари бўй кўрсатган одамлар касаллик кўпроқ юқиши учун жавобгар, бу ҳам ўз исботини топган, камида мана шу тадқиқотда.

Унда вирус юққан 730 кишининг 8800 контактлари кузатилган.

Симптомли ковид ҳолатларининг кўпроқ қисми айнан симптомли беморлар билан контакт қилганлар орасида бўй кўрсатган, симптомсизлар билан эмас. Симптомсиз ковид эса айнан симптомсиз бемор билан алоқа қилганлар орасида кўпроқ тарқалган.

Бошқача айтганда, яққол ковид билан касалланганлар юқори вирус юкламасига эга бўлишади, бунинг оқибатида улар кўпроқ симптомли юқтиришларни амалга оширишади. Вакцина симптомли ковидга дучор бўлиш таҳдидини 5 баробарга камайтиради.

Яъни 100 нафар вакциналанганлар гуруҳида вакциналанмаган 100 инсон гуруҳига қараганда касалланганлар сони 5 баробар кам бўлади. Улар 5 баробар кам бўлгач, бир хил шароитда янада камроқ инсонларга касаллик юқтиришади. Қолаверса, вакцина олиб ковидга учраган беморлар касалликни тезроқ енгиб, тезроқ соғайишади, демакки, камроқ инсонларга юқтиришга улгуришади.

Вакцинация нафақат симптоматик ковид, симптомсиз юқтириш эҳтимолини ҳам камайтиришига оид далиллар ҳам бор. Бу тадқиқотда вакциналанган тиббиёт ходимлари — яъни вирус юқтириб олиш эҳтимоли жуда юқори бўлган шахсларни кузатув остига олишган.

Вакциналанган тиббиёт ходимларининг фақат 1,2 фоизигина коронавирусга қарши мусбат ПЦРга эга бўлишган.

Шу сабабли, вакцина фақат касаллик оғир кечишининг олдини олади, юқтиришдан ҳимоялай олмайди, дейишса — бу ёлғон. Вакцина касалликни бошқаларга юқтириш эҳтимолини пасайтиради, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан.

Хўш, демак хулосалаймиз: юқорида вакциналанган инсонлар худди вакциналанмаганлар сингари касаллик юқтириб олиши, касал бўлиши ва энг асосийси — бошқаларга ҳам вирус юқтиришига қарши назарий асослаш ва исботлар келтирилди.

Вакцинация энг камида 4та асосий жараёнга таъсир қилади:

  • вирус юқтириб олиш жараёнига;
  • вирус репликацияси жараёнига;
  • бир инсондан иккинчисига юқишида;
  • касалликнинг авж олишида.

Мана шу босқичларга таъсир ўтказилиши коронавируснинг бир инсондан иккинчисига тарқалиши имкониятларини чеклайди.

Британияда ўтказилган йирик тадқиқотда вакцина олган одамнинг яқин атрофида вирус юқтирганлар сони вакциналанмаган инсон ён-атрофига нисбатан 50 фоизга камроқ бўлиши исботланган.

Шундай қилиб, энди сиз вакцинация сизни нафақат касаллик оғир кечиши ҳамда ўлимдан асраши, шунингдек, у қандай қилиб эпидемия тарқалишининг олдини олишидан бохабар бўлдингиз. Вакциналанганлар қанчалик кўп бўлса, коронавирус бир инсондан иккинчисига шунчалик қийин юқади ва пандемия тезроқ тугайди.

Вакцинага қаршилар вакцина вирус юқтириб олишдан асрай олмаслиги ёки вакцина олган инсонлар ҳам касал бўлиши ва худди ўзлари сингари бошқаларга касаллик юқтиришини таъкидлай бошлашса, мана шуларни ўқитинг.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top